15427

Президент таълим тизимидаги ислоҳотларнинг бориши бўйича мажлис ўтказди

Ўзбекистон 17 август 10:31 351

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев янги ўқув йилига тайёргарликнинг бориши, 11 йиллик ўрта таълим тизимини жорий этиш, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимини тубдан ислоҳ қилиш, янги очилган олий таълим муассасалари, филиаллар фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ ишлар ҳолати билан яқиндан танишиш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазири И.Мажидов, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази директори М.Холмуҳаммедов, Халқ таълими вазири У.Иноятов ва уларнинг ўринбосарларини қабул қилди ҳамда ҳисоботларини тинглади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг расмий сайтида маълум қилинди.

Мажлисда Президентнинг давлат маслаҳатчиси А.Юнусхўжаев, Бош вазир ўринбосари Ж.Қўчқоров ва Ҳисоб палатаси раиси М.Икромов қатнашди.

Мулоқот чоғида Президент томонидан ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимини тубдан ислоҳ қилиш борасида берилган топшириқлар ижросининг бориши кўриб чиқилди.

Белгиланган вазифага мувофиқ, умумтаълим мактаблари 9-синф битирувчиларини ўз ҳоҳишига кўра 10-синфда ўқишини давом эттириши, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига қамраб олиш ишлари изчил давом этмоқда.

Ўқув режасига кўра, 10-синф ўқувчилари ҳафтада 5 кун умумтаълим фанларини ва 1 кун касбий фанларни ўрганиши белгиланди. Касб-ҳунар коллежларидан узоқ масофада жойлашган 2703 та мактаб учун 1103 та мактабда, 6956 мактаб учун эса 615 та коллежда ўқув ишлаб чиқариш мажмуалари ташкил этилади.

Мактабларда 10-синф очилиши муносабати билан 22 минг ўқитувчига эҳтиёж юзага келади. Улардан 9,5 минг нафарини олий таълим муассасалари битирувчилари, 13 минг нафарини лицей ва коллежлар ўқитувчиларини жалб этиш ҳисобидан қоплаш режалаштирилмоқда.

2017—2018-ўқув йилидан бошлаб, 10-синфларда дарс берадиган 116 минг нафар ўқитувчининг касбий билимларини янгилаш ва чуқурлаштириш мақсадида қисқа муддатли малака ошириш курслари йўлга қўйилди.

10-синф ўқувчилари учун 8,5 миллион нусха дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар чоп этилиб, айни пайтда таълим муассасаларига етказилмоқда.

Таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш бўйича вертикал тизим яратилиб, вазирликдан ҳудудларга 14 нафар, ҳудудий халқ таълими бошқармаларидан туман ва шаҳарларга 195 нафар, туман ва шаҳар халқ таълими бўлимларидан ҳар бир мактабга масъуллар бириктирилди.

Бу йил 1-синфга қабул қилинадиган 650 минг нафар ўқувчи учун «Президент совғаси» сифатида 12 номдаги ўқув қуроллари солинган мактаб сумкалари тайёрланиб, жойларга тўлиқ етказилди.

Изоҳ билдириш