35322

Президент Фармони: Ўзбекистон Республикаси Президенти девони фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида

Фото: President.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони Фаолиятини Янада Такомиллаштириш Тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони

Ўзбекистон Республикаси Президенти девони фаолиятини янада такомиллаштириш, самарадорлигини ошириш ва тузилмасини мақбуллаштириш, шунингдек унинг таркибий тузилмалари вазифалари ва функцияларидаги такрорланишларни бартараф этиш, уларни ажратиш ва аниқлаштириш мақсадида:

1. Қуйидагилар
Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг конституциявий ваколатлари амалга оширилишини таъминлаш;
аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаат қилишга бўлган конституциявий ҳуқуқлари сўзсиз амалга оширилиши учун шароитлар яратиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан кадрларга оид давлат сиёсатини, шунингдек давлат мукофотлари ва геральдика соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширилишини таъминлаш;
давлатнинг ички ва ташқи сиёсати асосий йўналишларини шакллантириш, Ўзбекистон Республикасининг суверенитетини муҳофаза қилиш, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

олий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг баҳамжиҳат ишлашини таъминлашда кўмаклашиш;
мамлакатда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишини таъминлашда кўмаклашиш;

нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши, уларга ўз уставларида белгиланган мақсад ва вазифаларини амалга оширишларига тенг имкониятлар ва шароитлар яратилиши кафолатларини таъминлаш, фуқаролик жамияти институтлари билан уларнинг демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини қуришдаги ролини ошириш борасида самарали ҳамкорлик қилиш;

давлатнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш ҳолати ҳамда тенденциясини таҳлил қилиш, унинг натижалари бўйича самарали иқтисодий, ижтимоий, молиявий, пул-кредит сиёсатини ўтказиш, илм-фанни, маданиятни, таълимни, соғлиқни сақлашни, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг бошқа тармоқларини ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тузилмаларнинг, шунингдек унинг ваколатларини амалга оширишга кўмаклашувчи маслаҳат ва кенгаш органларининг фаолиятини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти фаолиятини ҳуқуқий, ташкилий-техник, ахборот-таҳлилий ҳамда протокол жиҳатидан таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва топшириқларининг ижросини ташкил этиш ва уларнинг ижроси устидан назоратни амалга ошириш.

2. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Олий Мажлис, сиёсий ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш хизмати ҳамда Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари фаолиятини мувофиқлаштириш хизмати тугатилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Сиёсий-ҳуқуқий масалалар хизмати;

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Сиёсий-ҳуқуқий масалалар хизматининг тузилмасида Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг юридик хизмати;

Ўзбекистон Республикаси Президенти девони тегишли хизматларининг жамоат, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти масалалари бўйича, ёшларга доир сиёсат бўйича, ўзини ўзи бошқариш органлари билан ишлаш бўйича, миллатлараро муносабатлар ва дин ишлари масалалари бўйича шўъбалари негизида Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш хизмати ташкил этилсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Оммавий ахборот воситалари, маданият, санъат ва ижодий ташкилотларни ривожлантириш масалалари хизмати Оммавий ахборот воситалари, маънавият ва маърифат, маданият, санъат ва ижодий ташкилотларни ривожлантириш масалалари хизмати этиб қайта ташкил этилсин.

4. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши, суд-ҳуқуқ тизимининг қонунчилик асосларини ислоҳ қилиш бўйича кенгаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ислоҳотлар ва инвестициялар бўйича идоралараро мувофиқлаштирувчи кенгаш тугатилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг янгиланган низоми ва тузилмаси 1 ва 2-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг таркибий тузилмалари раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Ташкилий-кадрлар хизмати ва Сиёсий-ҳуқуқий масалалар хизмати билан биргаликда бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Президенти девони таркибий бўлинмаларининг янгиланган низомлари ва тузилмалари лойиҳаларини ишлаб чиқсин ва киритсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг хизматларига Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тузилмаларни, шунингдек унинг ваколатларини амалга оширишга кўмаклашувчи маслаҳат ва кенгаш органларини 3-иловага мувофиқ бириктириш ҳақидаги таклифга розилик берилсин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг хизматлари ўзларига бириктирилган маслаҳат, кенгаш органлари ҳамда бошқа тузилмалар фаолияти самарали ташкил этилишини, ҳамкорлигини ва мувофиқлаштириб борилишини таъминласин.

7. Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Сиёсий-ҳуқуқий масалалар хизмати икки ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг хизматлари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, киритиш, кўриб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг хизматлари билан келишишнинг аниқ тартиби ва муддатларини, уларнинг ижросини назорат қилиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг бошқа ваколатларини амалга ошириш механизмларини назарда тутадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг регламентини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун киритсин;

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 22-бандида кўрсатилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг ваколатларини амалга оширишнинг аниқ механизмларини назарда тутувчи Сиёсий бошпана бериш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун киритсин;

Ташкилий-кадрлар хизмати билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат мукофотлари ва геральдика бўйича комиссиянинг низоми ва таркибини ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқлаш учун киритсин;

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг хизматлари билан биргаликда Хорижий мамлакатларга хизмат сафарига чиқиши Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг хизматлари билан махсус келишувни талаб қиладиган мансабдор шахсларнинг тоифасини кескин камайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқсин ва киритсин. Бунда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларига ушбу масалада кўпроқ эркинлик бериш ва масъулиятини ошириш назарда тутилсин.

8. 2017 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг штатдаги ходимларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йил 11 июндаги Ф-1561-сон «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгаши аппарати штатдаги ходимларининг лавозим маошларига ойлик устама ҳақлар тўғрисида»ги фармойиши амал қилиниши татбиқ этилсин.

9. Белгилансинки:
Ўзбекистон Республикаси Президенти девони бошқарув ходимлари учун аввалги иш жойида берилган узоқ муддатли хизматлари, ҳарбий ва махсус унвонлар (мартаба даражалари, малака даражалари, дипломатик даражалар ва бошқалар) учун қўшимча тўлов ва устамалар сақлаб қолинади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида ишланган давр ҳарбий ва махсус унвонларни олиш учун зарур бўлган иш стажига қўшилади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида ишланган даврда ҳарбий ва махсус унвонларни бериш тегишли ҳарбий ва махсус унвонларни олиш учун зарур бўлган вақт ўтгандан сўнг аввалги иш жойида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг тегишли таркибий тузилмаси раҳбарининг тавсияномаси асосида амалга оширилади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг бошқарув ходимлари аввалги иш жойида ходимлар учун белгиланган барча имтиёзлар, моддий ва ижтимоий ҳимоя чораларидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида амалда бўлган меҳнат шароитларини ҳисобга олган ва лавозим маоши ҳамда бошқа тўловлар сақланган ҳолда, фойдаланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг бошқарув ходимларига Ўзбекистон Республикаси Президенти девонидаги меҳнат фаолияти тугатилгандан сўнг аввалги иш жойида эгаллаган лавозими ёки шунга тенг лавозим тақдим этилади, бундан ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолганлиги ёхуд меҳнат вазифаларини бузганлиги учун меҳнат фаолияти тугатилган ҳоллар мустасно.

10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорлари 4-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

11. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
12. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчилари зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.

Изоҳ билдириш

Сўнгги янгиликлар