20802

Президент: 2018 йилни Хоразм вилояти учун “Тадбиркорликни тубдан ривожлантириш ва инвестициялар йили” деб эълон қилсак

Ўзбекистон 16 октябрь 14:09 471
Фото: President.uz

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги нутқида 2018 йилни Хоразм вилояти учун “Тадбиркорликни тубдан ривожлантириш ва инвестициялар йили” деб эълон қилишни таклиф қилди.

Айни вақтда халқаро молия институтларининг маблағларини жалб этиш ҳисобидан амалга ошириладиган йирик лойиҳалар сони вилоятдаги мавжуд салоҳиятга нисбатан жуда кам эканини тан олишимиз керак. Хусусан, вилоятда жорий йилда Қишлоқ хўжалиги корхоналарини таркибий қайта тузиш агентлиги томонидан қиймати 6,7 миллион долларлик 12 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Буни албатта қониқарли деб бўлмайди.

Шунинг учун, биринчидан, агентлик (Н.Нажимов) ва Марказий банк (Т.Ишметов) давлат томонидан жалб этилаётган хорижий сармояларни тез ва самарали ишлатиш борасидаги тизимни танқидий ўрганиб чиқиб, барча сунъий тўсиқларни бартараф этиш чораларини кўрсин.

Иккинчидан, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси (А.Аҳмадхўжаев), Агентлик (Н.Нажимов) Хоразм ва Қорақалпоғистон Республикаси учун қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш бўйича камида 100 миллион долларлик махсус хорижий кредитларни жалб этиш чораларини кўрсин.

Ана шу лойиҳаларни амалга оширишда биз тадбиркорларга нафақат катта умид боғлаяпмиз, балки ушбу соҳада мисли кўрилмаган янги имконият ва имтиёзлар яратиб бердик ва бу сиёсатни изчил давом эттиришга тайёрмиз.

Бу ишларни янада ривожлантириш ва янги босқичга кўтариш мақсадида 2018 йилни Хоразм вилояти учун “Тадбиркорликни тубдан ривожлантириш ва инвестициялар йили” деб эълон қилсак, нима дейсизлар?

Шу муносабат билан Хоразм вилояти ва туманлар ҳокимларининг иқтисодиёт бўйича ўринбосарларининг иш услубини ўзгартириш керак.

Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (Ш.Содиқов) Иқтисодиёт вазирлиги (Г.Саидова), Ташқи савдо вазирлиги (Э.Ғаниев), Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси (А.Аҳмадхўжаев) билан биргаликда, ўн кун муддатда Хоразм вилоятида тадбиркорликни ва инвестицияларни жалб этиш борасидаги ишларни тубдан такомиллаштириш бўйича Президент қарори лойиҳасини тайёрлаб, тасдиқлаш учун киритсин.

Вилоят ва туман ҳокимларининг иқтисодиёт бўйича ўринбосарлари ўзларининг зиммасидаги асосий вазифалардан ташқари тадбиркорликни ривожлантириш ва инвестицияларни жалб этиш масаласи билан бевосита шуғулланади. Бу ўзига хос Хоразм тажрибаси бўлади.

Юқорида номлари зикр этилган тўртта вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари вилоят ва туманлар ҳокимларининг иқтисодиёт бўйича ўринбосарлари билан бирга, чет мамлакатлардаги элчиларимизни жалб этган ҳолда, 1 йилда 15-20 миллион доллар миқдорида инвестициялар олиб келиш учун шахсан масъул этиб белгиланади.

Бунинг учун бизда барча асослар мавжуд: аввало, иқтисодиётни эркинлаштириш ва тадбиркорлик учун қулай муҳит яратиш бўйича мамлакатимизда жуда муҳим фармон ва қарорлар қабул қилинди. Жумладан, жорий йилдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари текширишларга чек қўйилди.

Миллий валютамизни эркин конвертация қилиш масаласи ҳал этилди, валютани мажбурий сотиш тартиби бекор қилинди.

Айни вақтда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини янада яхшилаш бўйича қиладиган ишларимиз ҳали кўп. Хусусан, тадбиркорлик фаолиятини лицензиялаш, рухсат бериш ва тартибга солиш билан боғлиқ турли қоидаларни кескин қисқартиришимиз керак.

Солиқ ва мажбурий тўловлар сонини камайтириш, уларни қўллаш тартибини кескин соддалаштириш, тадбиркорликка кенг йўл очиб бериш – барча бўғиндаги давлат идораларининг биринчи галдаги вазифасига айланиши зарур.

Содда қилиб айтганда, битта бўлса ҳам янги иш ўрни яратган тадбиркорларни бошимизга кўтарадиган, уларга “сиз” деб мурожаат қиладиган вақт келди. Бу – бугунги куннинг энг муҳим талаби, керак бўлса, янги даврнинг қонуни.

Бунга амал қилмас эканмиз, яна ҳамма нарса эски ҳаммом, эски тос бўлиб қолаверади. Ҳаётимизда ҳеч қандай ўзгариш ва ривожланиш бўлмайди.

Тадбиркорлик ва яна бир бор тадбиркорлик, рақобатдош маҳсулот ишлаб чиқариш ва жаҳон бозорида ўз ўрнимизни эгаллаш – мана, бизнинг йўлимиз.

Бизнинг бундан бошқа йўлимиз йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Дунёдаги барча ривожланган давлатлар фақат мана шу йўл орқали эркин ва фаровон ҳаётга эришганини унутмаслигимиз керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Изоҳ билдириш