45750

«Пора» олмаган туман ИИБ раҳбарларига пул мукофотлари берилди

Ўзбекистон 13 август 11:51 2 138

Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, ҳаётимизнинг ҳар жабҳасида халқимизнинг тинч ва фаровон турмуш кечиришини таъминлашга қаратилган туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ички ишлар органларида ўтказилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан кўзланган мақсад ҳам тизимни халқ манфаатларига хизмат қилувчи, осойишталикни кафолатловчи посбонга айлантиришдир.

Ички ишлар вазири, генерал-майор Пўлат Бобожонов раҳбарлигидаги Ишчи гуруҳ жорий йилнинг 5-9 август кунлари Қорақалпоғистонда ўрганиш олиб боргани ҳақида хабар берган эдик.

Президентимиз кўрсатмасига мувофиқ республика Бош прокурори ва Ички ишлар вазирининг қўшма фармойиши қабул қилинганлигини олдинроқ хабар қилган эдик. Шу асосда ташкил этилган, Ички ишлар вазири генерал-майор П.Бобожонов раҳбарлигидаги Ишчи гуруҳ жорий йилнинг 5-9 август кунлари Қорақалпоғистон Республикасининг барча шаҳар ва туманларида ўрганиш ишларини олиб борди.

9 август куни Нукус шаҳрида Ички ишлар вазири раислигида ҳудудларда ўтказилган ўрганишларнинг якунига бағишланган кенгайтирилган йиғилишда ўзининг билим савияси билан бошқаларга намуна бўлаётган, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфатларини ҳимоя қилиш, қонунийликни таъминлаш йўлида хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариб келаётган ходимлар ҳам алоҳида кўрсатиб ўтилди.

Жумладан, ўзларига пора таклиф этилгани ҳолатлари тўғрисида ўз вақтида ахборот бериб, ички ишлар органи ходимининг қасамёдига содиқ қолган Қораўзак тумани ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари П.Искендеров ва Элликқалъа тумани ИИБ тезкор вакили Ж.Мамбетов вазир томонидан рағбатлантирилиб, уларга пул мукофотлари топширилди.

Йиғилиш якунида Ички ишлар вазири П.Бобожонов ички ишлар органлари ходимларининг билим савияси ва касбий маҳоратини оширишга қаратилган манзилли ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, барча шахсий таркибни қайта тайёрлаш ҳамда фуқаролар билан ишлашда муомала маданиятининг белгиланган тартиб-қоидаларига риоя қилиш, ҳар бир ҳолатга тезкор, холисона ва қонуний ёндашувни таъминлаш, ходимларнинг кундалик фаолиятини «халқ манфаатларига хизмат қилиш» тамойили асосида ташкил этиш, тизим шаънига доғ туширувчи ҳолатларининг олдини олиш ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тўғрисида аниқ топшириқлар берди.

Изоҳ билдириш