44086

Ҳоким секторида 40 та жиноят…

Ўзбекистон 10 июль 17:16 1 266

Наманган вилояти Норин туманида маҳаллаларда ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш бўйича ташкил этилган Республика ишчи гуруҳи жорий йилнинг 25 июнь – 2 июль кунлари мазкур ҳудудни ўрганди.

Бир ҳафта мобайнида 57 та маҳалладаги 25650 та хонадонга кирилди ва 185 та ижтимоий соҳа объектлари ўрганилди. Натижада 5400дан ортиқ муаммо аниқланиб, уларнинг қарийб 60 фоизи жойида ҳал этилди. Катта маблағ талаб этмайдиган ва оддий ишларни туман доирасида бажарса ҳам бўлар эди-ку.
24 та маҳаллада ичимлик суви таъминоти йўлга қўйилди. 310 та бетон-таянч электр устунлари ва 14 та трансформатор ўрнатилиб, 14 километр электр тармоқлари тортилди. Натижада 10 минг аҳолига электр энергияни етказиб бериш сифати яхшиланди. 4560 та суюлтирилган газ баллонлари тарқатилди, 20450 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди.

Норин туманида 106 минг нафар меҳнатга яроқли аҳоли бўлиб, ҳисоботларда уларнинг 4377 нафари ишсизлиги қайд этилган. Ваҳоланки, реал вазият бундан анча юқори эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Сайёр ярмаркалар ташкил этиш орқали 597 нафар фуқарога йўлланмалар берилди.

Нориннинг иқтисодий кўрсаткичлари вилоят даражасидан пастлигича қолмоқда. Ишсизликнинг энг самарали ечими тадбиркорликни ривожлантириш, оилавий бизнесга кенг имкон ва шароит яратишда. Аҳоли даромадга эга бўлса, хонадони тинч ва кўнгли хотиржам бўлади, юзага келган муаммоларга ўзи вақтида ечим топади.

Ўтган даврда 70 та кичик бизнес субъекти фаолияти йўлга қўйилган бўлса, йил бошидан буён уларнинг 27 таси тугатилган. Ҳисобот давридаги 6 миллион долларлик экспорт режаси атиги 31 фоизга бажарилган. Юздан ортиқ бўш турган бинолар ва объектлар мавжуд бўлиб, 32 гектар ер майдони бўш ётибди. Нега қаровсиз ва бўш турган ерлар ўз эгалари тақдим этилмаяпти? Нима учун бюджетга қўшимча фойда олиб келиши, янги иш ўринлари яратиши мумкин бўлган бундай объектлардан унумли фойдаланилмаяпти?

Жорий йилнинг 6 ойида вилоятда умумий жиноятлар сони 703 тага камайган. Туманда эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан жиноятлар 21,8 фоизга камайган бўлса-да, оғир турдаги жиноятлар ва безорилик 2 баробарга, ўғирлик 1,5 баробарга ортган. 2017 йилда 3 та, 2018 йилда 3 та жиноятлар фош этилмаган. 23 нафар жиноятчи ҳамон қидирувда юрибди. Ўрганишлар чоғида фуқаролик олиш билан боғлиқ 159 та муаммо қайд этилди. 39 та қабристонлар ва унга ёндош кўчалар 29500 аҳоли иштирокида ободонлаштирилди. 25 нафар эҳтиёжманд, ёрдамга муҳтож аҳолининг уй-жойларини таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди.

Туманда ажримлар сони 75 та бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7 тага ортган. 57 та нотинч оилалар мавжуд, 105 та ҳолатда оталик белгиланган. Аниқ ва мақсадли профилактик тадбирлар етарли даражада эмас. Ўтган йили 7 та маҳаллада жиноят содир этилмаган бўлса, бу йил ушбу маҳаллаларнинг барчасида қайд этилган.

Жиноятлар сони “Ўзбекистон” маҳалласида 12 тага ошган. Энг ёмони, ушбу маҳаллада раис ва профилактика инспектори бир неча ойдан буён йўқ. Аксинча, жиноятчилик ўсаётган маҳаллани тажрибали ва малакали раис ва профилактика инспектори билан кучайтириш керак эмасми? “Янгитой” маҳалласида 4 та жиноят қайд этилган бўлиб, кўрсаткичлар 4 баробарга кўпайган.

Энг уятли жиҳати шундаки, солиқ раҳбари секторида 3 та жиноят қайд этилган бўлса, 1-сектор яъни ҳоким Дилмурод Қодировга бириктирилган ҳудудда 40 та, ИИБ бошлиғига қарашли 3-секторда эса 18 та жиноятлар содир этилишига йўл қўйилган. Ҳоким ухлаяптими ёки пилла, ғалладан боши чиқмаяптими, деган ҳақли савол туғилади?

Бир неча маҳаллада ўтган олти ойда бирорта ҳам маданий тадбир ўтказилмаган. Маҳаллаларда китобхонликни ташкил қилишга панжа орасидан қаралмоқда. Изласа, имкон топса бўлади. Вилоят ҳокими ташаббуси билан ишчи гуруҳлари фаолияти давомида 10 та маҳалла кутубхонаси очилди-ку. Демак, ҳаммаси ташаббускорлик ва интилишга боғлиқ.

Лазиз Раҳматов,
журналист

Изоҳ билдириш