39451

Оқибат пулга сотиладими? 21 йилдан бери оиласи билан яшаб келаётган уйидан мажбуран кўчириб чиқарилган инсон

Ўзбекистон 20 май 10:38 1 947

ХАЛҚИМИЗДА эт билан тирноқни ажратиб бўлмайди, деган ҳикмат бор. Бу ҳикмат замирида бир қориндан талашиб тушган ака-укалар ва опа-сингиллар назарда тутилиши барчамизга кундек равшан. Дарҳақиқат, эт билан тирноқнинг ажралиши ҳам жисмонан, ҳам маънан жуда оғриқли ҳолат.

Қувончу ташвишни ҳам сиз билан баравар баҳам кўрадиган, бошга бахт қўнганда ҳам, иш тушган онларда ҳам ёнингизда елкадош, ҳамдард ва ҳамнафас бўладиган инсон туғишган биродарларингиздир. Миллий қадриятларимиз манбаи бўлган ҳадиси шарифда “Яхшиликни, энг аввало, яқинларингизга қилинг, сўнгра бошқаларга”, деган ўгит бежиз айтилмаган. Зеро, ўз яқинларига, туғишганларига яхшилик қилган инсон қалбидан эзгулик уруғлари униб чиқаверади.

Таҳририятимизга пойтахтимизнинг шундоқ­қина биқинида жойлашган Қибрай туманидаги Олмазор МФЙдан келиб тушган хат бошқа мурожаатлардан кескин фарқ қилиши билан диққатимизни жалб қилди. Эътиборимизни тортган жиҳати бир эмас, ўн эмас бутун маҳалла аҳлининг якдил бир овозга келиши бўлса, бошқа томондан ҳам ажабланарли, ҳам ачинарли ажабтовур ҳолатлардир. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси, маслаҳатчиси, котибаси ва 41 нафар фуқаро имзоси битилган мурожаатномани асли холига келтириб ўтишни жоиз деб билдик: “…Биз қуйидаги имзо чекувчилар Янги Шамс кўчасида истиқомат қилган Пўлатов Шоакмал Мирсодиқовичнинг оила аъзоларини 1997 йилдан бери яхши биламиз. Шу сабабли унинг тақдирига бефарқ қололмай сизларга мурожаат қилаяпмиз. Ахир кўздек қўшни ва маҳалладош бўла туриб, жим қараб тураолмадик. Шоакмал яшаб турган уйини узоқ йиллар давомида мол боқиб ва давлат хизматида ишлаб, оиласи билан тупроқ қориб чиройли мас­канга айлантирди, ҳовли жой қилди. Шу уйда 4 нафар фарзандни тарбиялаб ўстирди. Шунча вақтдан кейин Ш.Пўлатовнинг акаси Мираҳмат тайёр уй-жойни бошқа бир одамга яширинча сотиб юбориб, ўз укасини оиласи билан кўчада қолдирди. Ваҳоланки укасига ерни сотган эди.

Биз Олмазор маҳалла аҳли сизлардан ­адолат қарор топишида ёрдам беришингизни сўраймиз”.

Мурожаат юзасидан журналистик ўрганишни дастлаб маҳалла оқсоқоли Алмат ака Рўзибоев билан суҳбатдан бошладик.

— Хатда айтганимиздек, кўз олдимизда бир инсонни ўзи яхши ниятлар билан қуриб битказган, 21 йилдан бери оиласи билан яшаб келаётган уйидан мажбуран кўчириб чиқаришди. Унга биз маҳалла аҳли ҳеч қандай ёрдам беролмаганимиздан ачинаман. Маҳалла оқсоқоллари низоли уй-жой масаласини ака-укалар ўзаро ҳамжиҳат ва тотувликда ҳал қилишлари ­учун кўп бора ҳаракат қилдик, лекин натижа бўлмади. Ҳатто 12 кишидан иборат маҳалла фаоллари Мираҳмат Пўлатовнинг уйига бордик, лекин у киши биз билан гаплашишни истамади. Маҳалламизнинг истаган эшигини қоқиб сўрашингиз мумкин, уй-жойни ҳақиқатан Шоакмал қурганлигини тасдиқлайди.

Алмат ака куюнганидек, маҳалла Шоакмал Пўлатовга ҳеч қандай ёрдам кўрсата олмаса-да, кўчага ҳам ташлаб қўймаган экан. “Маҳалла ­отанг, маҳалла онанг”, деганлари шу бўлса керак, Ш.Пўлатовлар оиласига маҳалла чойхонасидан вақтинча яшаб туришлари учун 2 хона ажратиб беришибди. Биз у кишини шу ердан топдик. Мўъжазгина гузар шинам, озода бўлса-да, яшаш учун мўлжалланмаганлиги кўриниб турибди. Қаршимизга югуриб чиққан 2 нафар вояга етмаган болаларнинг кўзларида саросималикни кўриб, ўнғайсизландик. — Болаларим туғилиб ўсган уйларидан бу жойга кўчиб келганларига ҳануз кўника олишмаяпти, — дея бизга изоҳ бергандек бўлди Шоакмал ака. Суҳбатимиз асносида аниқланишича, Пўлатов Мираҳмадга 1991 йил ҳудудий ҳокимият томонидан 600 кв.2 ер ажратилган. 1997 йилда эса мазкур ер майдони ва қурилиши тугалланмаган икки хонали, яъни эшик, ромлари йўқ иморатни укаси Шоакмал Пўлатов ундан 400 минг сўмга оғзаки шартнома асосида сотиб олган. Шундан сўнг Шоакмал ака оила аъзолари билан бу ерга кўчиб келиб, яшай бошлайди. Бу йиллар давомида ушбу қурилиши битмаган хонани битказади ва яна учта яшаш хонаси, ошхона, ҳаммом каби қўшимча иморатлар қуради, хуллас, анчагина тер тўкиб, кўрган кўзни қувонтирадиган обод ҳовли жойга айлантиради.

Шу ўринда беихтиёр бир латифа эсга тушади. Афанди узоқ сафарга отланибди. Йўл халтасини елкасига ортиб вокзалга келибди. Поездга чипта сотиб олибди-да, чойхонага кириб бемалол мудраб ўтираверибди. Анча вақтдан кейин кимдир уни уйғотиб: “Поездингиз кетиб бораяпти”, деса “Чипта менинг чўнтагимда-ку, поезд қаёққа ҳам кетарди”, деган экан бамайлихотир. Энди, кетиб бораётган поезд ортидан югургилаган Афандининг ҳолатини тасаввур қилинг-а.

Албатта, миллий қадриятларимизга хос бўлган ўзаро ишонч ва меҳр-оқибат каби хислатлар инсонийликнинг олий ифодаси саналади. Айрим фуқароларимиз ўз акам, ўз дўстим дея, оғзаки битим тузиб, қарз ва олди-сотди шартномасининг қонуний талабларига амал қилишмайди. Бундай пайтларда пасонгининг лафз, имон ва виждон каби тушунчалар палласи баланд келса хўп-хўп, лекин акси бўлса-чи? Унда яқин қариндош ва дўстлар орасидаги меҳр-оқибат йўқолиши, айрим ҳолларда ҳатто фожиа билан якун топиши ҳаётда кўп кузатилган.

Шоакмал Пўлатов 2014 йил 19 декабрда Қибрай туман ҳокимининг 2561-сонли қарори билан Мираҳмат Пўлатовга юқоридаги уйга эгалик ҳуқуқи берилганидан бохабар бўлса-да, қонун доирасида тегишли чора-тадбир кўрмади. Унинг сўзларига қараганда, акасининг “Аввал ўзимнинг номимга расмийлаштириб олай, кейин сенга ҳужжатлаштириб бераман”, деган сўзларига ишониб келган.

2015 йил 22 октябрь куни Чирчиқ туманлараро суди томонидан даъвогар Мираҳмат Пўлатов ва унинг ишончли вакили, адвокат У.Ҳақназаровнинг Пўлатов Шоакмални оила аъзолари билан Қибрай тумани Қипчоқ ҚФЙ, Янги Шамс кўчаси 5-рақамли уй-жойдан мажбуран кўчириш ҳақидаги даъво аризаси кўриб чиқилди. Судда даъвогар укасини вақтинчалик яшаш учун мазкур уйга киритиб қўйганлигини, у билан уй-жойни сотиб олиш масаласида ҳеч қандай келишув бўлмаганлигини билдирган.

Яна бир ҳуқуқни муҳофаза қилиш идорасининг қуйидаги ҳужжати эса унинг суддаги бу кўргазмасини мутлақо тескарисини тасдиқлаб турибди.

Қибрай туман ИИБнинг 2016 йил 27 сентябрдаги қарорида шундай баён қилинади: “… фоноскопик экспертизанинг 31.08.2016 йилдаги 8850/18-сонли хулосасига асосан, Пўлатов Мираҳмат укаси Пўлатов Шоакмал билан оғзаки келишувга кўра, Қибрай тумани Қипчоқ ҚФЙ, Янги Шамс кўчаси 5-уй манзилдаги томорқани 400.000 сўмга сотиб олишга келишиб, томорқа учун 1.650 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олганлиги, кейинчалик у ушбу пулларни олмаганлиги ҳақида ёлғон важ келтирганлиги маълум бўлди. Шу сабабли мазкур иш бўйича Пўлатов Мираҳмат Мирсодиқович хатти-ҳаракатларида Жиноят кодек­сининг 168-моддасининг 1-қисмида кўр­са­тил­ган жиноят аломатлари мавжуд бўлса-да, бироқ мазкур олди-берди 1997 йилда содир бўлганлиги, жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетганлиги ва ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар тоифасига кириши сабабли Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 84-моддаси 1-қисмининг 1-бандига асосан ҳаракатдан тугатилиб, жиноят иши қузғатиш рад этилсин”.

Ачинарлиси, жавобгарликка тортиш муддати аллақачон ўтиб кетган жиноий ҳолат Шоакмал акани 21 йил давомида оиласи билан яшаб келган уйдан мажбуран кўчиришга хизмат қилган асослардан бири бўлди. Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилоят суди апелляция инстанциясининг 2016 йил 3 февралдаги ажримига кўра, даъвогар Мираҳмат Пўлатовнинг даъво аризаси қаноатлантирилиб, Шоакмал Пўлатов, унинг оила аъзолари жумласидан икки нафар вояга етмаган фарзандлари билан Қибрай тумани Қипчоқ ҚФЙ, Янги Шамс кўчаси, 5-уйдан мажбурий тарзда кўчирилганидан кейингина, Шоакмал ака бепарволик қилиб, олди-берди битимини оғзаки тузганига “аттанг”, деган бўлса не ажаб.

Табиийки, суд қарорига бизнинг ҳеч қандай эътирозимиз йўқ.

Лекин бизнинг эътиборимизни тортган яна бир ачинарли жиҳат шундаки, айрим мутасадди ходимлар ё билиб туриб, ёки билмасдан шунчаки масъулиятсизлиги ва чаласаводлиги туфайли судга нотўғри ҳужжат тақдим қилганлигидир.

Жумладан, собиқ “Қипчоқ” ҚФЙ раиси, айни пайтда Қибрай туман ҳокимияти ҳузуридаги “Маҳалла” жамғарма раисининг ўринбосари К.Тиллабоеванинг судга берган 1410-сонли маълумотномасида мазкур низоли хонадонда 1997 йилдан бери Мираҳмат Пўлатов яшаб келади дейилган. Шунингдек, у ҳеч бир иккиланмай мазкур маълумотномага ҳам раис, ҳам котиб учун ўз имзосини қўйган. Воҳаланки, бу мазмундаги маълумотнома маҳалла фуқаролар йиғини билан бамаслаҳат, жиддий ўрганилиб берилиши лозим бўлган ҳужжат саналади.

Бир қарашда арзимас майда-чуйдадек кўринган бу каби камчиликлар фуқаролар кўнглида маҳаллий ҳокимият вакилларига ­ишончсизлик кайфиятини уйғотишини унутмаслик лозим. Зеро, инсон тақдири билан узвий боғлиқ бўлган ҳар қандай муаммо ҳар биримиздан касбий билим ва масъулият, ҳуқуқий тафаккур ва маданият талаб этади.

Кейинги йилларда қулоғимизга фалончи ака-укалар уй-жой талашиб бир-бири билан жанжаллашибди, фалончи отасини урибди, фалончи опасини уйдан чиқариб юборибди каби ёқимсиз гап-сўзлар тез-тез қулоғимизга чалинадиган бўлиб қолди. Бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олишнинг бирдан-бир йўли қарз, васиятнома ва олди-сотди каби битимларни давлат идоралари орқали ёзма равишда тузишдир.

Хулоса ўрнида, мазкур низоли ҳо­латда ким ҳақ, ким ноҳақ эканлигини тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, қолаверса, ҳар кимнинг виждонига ҳавола этар эканмиз, қонун устувор бўлган жойда ҳеч қандай нохуш вазиятларга ўрин қолмаслиги, ҳар қанча мол-мулк эт билан тирноқни ажратишга арзимаслигини яна бир бор эслатиб ўтишни жоиз топдик.

Фарида ҚОРАҚУЛОВА,

“Инсон ва қонун” мухбири

Изоҳ билдириш