48280

Ноқонуний валюта сотишга уринган Сергелидаги «Ипотека банк» мудири ушланди

Ўзбекистон 10 октябрь 11:37 1 024

Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси ДХХ Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда банк мудири ва валютафуруш Акмал Асқаровнинг қинғирликлари фош этилди. Бу хақида Дарё хабар бермоқда.

Бош прокуратура ҳузуридаги ИЖҚК департаменти ахборотига кўра, АТБ «Ипотека банк»ининг Сергели филиалига қарашли мини банк мудири Акмал Асқаров ҳар бир АҚШ долларини 8300 сўмдан ҳисоблаб, 12 минг АҚШ долларини 99 миллион 600 минг сўмга сотишни кўзлаган эди. Лекин, режа амалга ошмади. Бу ҳам етмагандек, банк мудири яна ноқонуний муомалага киритиш учун мўлжаллаган 12 минг 601 АҚШ долларидан ҳам айрилди. Тезкор тадбир давомида қонунбузардан жами 24 минг 601 АҚШ доллари ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Яна бир ҳолат, департаментнинг Қашқадарё вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ҳуқуқбузар Шерали Эрназаров ҳар бир АҚШ долларини 7988 сўмдан ҳисоблаб, жами 7600 АҚШ долларини 60 миллион 708 минг сўмга сотаётган вақтида қўлга олинган.

Департамент ходимларининг кейинги ўлжаси эса 7500 АҚШ долларини 60 миллион сўмга пуллаётган қаршилик Отабек Қодиров ва Намоз Шерқуловлар бўлишди. Тадбир давомида валютафурушлардан 2000 қозоқ тенгеси ва 7500 АҚШ доллари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Ҳозирда юқорида кўрсатилган барча ҳолатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган ва тергов ишлари олиб борилмоқда.

Изоҳ билдириш