40038

Назоратчиларнинг «сохта далолатнома» операцияси фош этилди

Ўзбекистон 25 май 16:41 623
Фото: komionline.ru

Наманган вилояти Учқўрғон тумани Деҳқонобод маҳалласида яшовчи фуқаро А.Бегматов электр тармоқлари корхонаси унга нисбатан асоссиз равишда жарима қўллагани юзасидан туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилди.

Ушбу мурожаат бўйича туман жамият мутахассислари ўрганиш ишлари олиб борганида қизиқ ҳолатга дуч келдилар.

Маълум бўлишича, бироз муддат олдин ҳудудни электр таъминоти бўйича хатловдан ўтказган назоратчи гуруҳи мазкур хонадонда фойдаланишда бўлган электр ҳисоблагич ускунаси эски, янги русумдаги электрон электр ҳисоблагич ўрнатилмагани ҳақида далолатнома ёзиб, жарима белгилаб кетган.

Бироқ маълум булишича, ўша пайтда А.Бегматов ишда. турмуш ўртоғи шифохонада даволанаётган бўлган. Ишчи гуруҳи эса хонадон эгалари иштирокисиз, хонадонга кирмасдан туриб далолатнома тузган.

Хонадонга эса аллақачон янги русумдаги электрон электр ҳисоблаш ускунаси ўрнатилган бўлган.

Аризани ўрганиш жараёнида маълум бўлган ҳолат юзасидан туман электр таъминоти корхонасига билдирилган эътирозлардан сўнг, истеъмолчининг ҳуқуқи тикланишига эришилди. Унга нисбатан ҳисобланган 1 284 200 сўм жарима асоссиз деб топилди.

Изоҳ билдириш