42538

Навоий аҳолиси уларни товуқ сотиб олишга мажбурлашаётганидан шикоят қилди

Ўзбекистон 21 июнь 11:42 535
Фото: ЎзА

Навоий вилоятида бюджет ташкилотлари ходимларини товуқ сотиб олишга мажбурлашмоқда, деб ёзади «Газета.uz» Навоий шаҳар аҳолисига таяниб. Уларнинг сўзларига кўра, товуқ сотиб олиш учун ўқитувчилар, шифокорлар, банк ишчилари, боғча тарбиячилари ва бошқалар пул топширмоқда.

«Бизнинг бўлимимизга 70 та товуқ тақсимлаб беришди, бу ерда 50 киши ишлайди, — деди Навоий тиббиёт бирлашмаси ходимаси. — Товуқларни 30 минг сўмдан сотишмоқда. Ўтган сафар 8—10 минг сўмдан 10 та товуқ сотишганди. Ўшанда биз рози бўлгандик, аммо бу яна қайтарилади деб ўйламагандик. Пулни ойликдан ушлаб қолишмаяпти, банкка бориб тўлашни сўрашяпти».

Унинг айтишича, йиғилишда тиббиёт бирлашмаси раҳбари товуқларни ойликка қараб тақсимлашни буюрган, аммо ҳар бир ходим камида биттадан товуқ олиши шартлигини айтган. Кўп хонадонли уйларда яшагани туфайли товуқ боқиш имконияти бўлмаганларга уларни сўйиб ейишни таклиф қилишган.

Навоий вилояти ҳокимлигида аҳолини товуқ билан таъминлаш кампанияси «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида ўтказилаётганини айтишди. Товуқларни сотишни қишлоқ жойларда фойдаланилмаётган ер майдонларини ишга солишга интилиш билан изоҳлашди. Ҳокимлик вакили товуқ сотиб олиш ҳар бир фуқаронинг ўз ихтиёрига ҳавола этилишини таъкидлади.

 

Изоҳ билдириш