39297

Муфтий ҳазрат таровиҳ намозларига келаётган ҳайдовчиларга мурожаат қилди

Ўзбекистон 18 май 16:35 842

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов Рамазон ойи муносабати билан Хасти Имом мажмуасида ўқилаётган таровиҳ намози вақтида ибодат қилиш учун келаётган ҳайдовчиларга мурожаат қилди. Бу ҳақида Кун.уз хабар берди.

Муфтий ушбу муборак ойда фақатгина кундузлари еб ичишдан ўзини тийиш билан мақсад тўла ҳосил бўлмаслигини, аксинча одоб-ахлоқни ҳам сайқаллаб, айниқса шаҳар жойларда масжидларга автомашиналарида келувчилар эътиборлироқ бўлса, янада яхши бўлишини билдирди.

“Аллоҳ Таоло “рўзадорга рўзасининг савобини ўзим бераман” дейди. Демак, рўзадорга бериладиган мукофотнинг ҳеч бир чегараси йўқ. Унинг ўлчами йўқ. Уни қанчалик эканини фақат Аллоҳ Таоло билади.

Рўзадор қачон шундай мукофотга сазовор бўлади? Рўзадор фақат ейишлик-ичишликдан ўзини тийишда эмас, қўли билан, тили билан бировга озор беришлик, ғийбатдан, чақимчиликдан, ёки ҳаракати ва ҳолати билан бошқаларга озор беришдан тўхтагандагина рўзаси комил ва мукаммал бўлади ҳамда Аллоҳ Таолонинг юқорида айтилган мукофотига сазовор бўлади.

Мана республикамиз бўйлаб 1115та масжидда Хатми Қуръон бўляпти. Тошкент шаҳарнинг ўзида 112та масжидда Қуръон хатм қилинмоқда. Энди Тошкент шаҳри пойтахт бўлгани сабабли, қайси масжидга борсангиз жой йўқ, одамлар гавжум. Ана шундай вақтда, мўмин-мусулмонлар автоуловларни жойларига қўйишда тартиб билан, рўзадорлигини эсдан чиқармасдан, яъни бошқа ҳаракатнинг хавфсизлигини таъминлаган ҳолда одоб билан, йўл ҳаракатини тартибга солаётган ходимларнинг сўзларига қулоқ тутиб, иш қилса, рўзаси янада мукаммал бўлади.

Бизнинг шундай дуоларимиз ижобат бўладиган кечалардаги илтимосимиз шуки, қолдирилган автоуловларимиз ҳеч кимга халал бермасин. Ана шунда қилган дуоларимиз ҳам ижобат, тутган рўзаларимиз ҳам қабул бўлади”, – дедилар муфтий ҳазратлари.

Изоҳ билдириш