49324

МТС Ўзбекистондаги коррупция учун жарима тўлашга 850 млн доллар тайёрлаб қўйди

Ўзбекистон 21 ноябрь 10:04 572

МТС уяли алоқа компанияси (Россия) АҚШнинг Қимматли қоғозлар ва биржалар бўйича комиссияси ҳамда АҚШ Адлия вазирлиги тергови натижаларига тайёргарлик юзасидан 55,8 млрд рубль (850 млн долларга яқин) ҳажмда захира тайёрлаб қўйди. Бу ҳақида РБКга асосланиб Газета.uz хабар қилди.

Компания вакилининг изоҳ беришича, гап МТСнинг Ўзбекистондаги фаолиятига тааллуқли тергов ҳақида кетмоқда. «Гуруҳ тергов билан боғлиқ масалалар бўйича ҳамкорликни давом эттирмоқда», — деди у. МТС президенти Алексей Корня компания эҳтимолий мажбуриятлар тўғрисида аниқроқ тасаввурга эга эканини таъкидлаб ўтди.

2014 йилда АҚШ Адлия вазирлиги ва SEC МТС, Veon («ВымпелКом»га эгалик қилади) ва Швециянинг Telia Company AB компанияларига нисбатан Ўзбекистон телекоммуникация бозоридаги коррупция бўйича тергов ҳаракатларини бошлаган эди. Боиси ушбу уч компания Америка фонд биржаларида олди-бердиларни амалга оширган.

2016 йил февралида VimpelCom иш бўйича АҚШ ҳукумати билан тинчлик келишуви шартлари борасида бир тўхтамга келиб, 795 млн доллар тўлаган эди. 2017 йил сентябрида эса Telia 965 млн доллар жарима тўлаганини эълон қилди.

МТС Ўзбекистон бозорини 2016 йилнинг августида тарк этди. У ўз улушини UMS операторига сотди.

Изоҳ билдириш