14023

Мирзиёев кардиолог Алявига давлат мукофотини топширди

Тиббиёт | Ўзбекистон 28 июль 14:00 445

Бугун давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёевнинг Фармонига кўра, Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази лойиҳа илмий раҳбари Анис Лютфуллаевич Аляви “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими” фахрий унвони билан тақдирланди.
Анис Алявига ушбу увон мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимидаги кўп йиллик самарали ва фидокорона меҳнати, юртимизда тиббиёт соҳасини ривожлантириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси, соҳага оид ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, замонавий даволаш усулларини амалиётга кенг жорий этиш ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш борасидаги катта хизматлари, ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун ҳамда таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан тақдим этилди.
Анис Лютфуллаевич Аляви — таниқли фан арбоби, терапевт, кардиолог, тиббиёт фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон терапевтлар ассоциациясининг раиси. У юқори малакали клиницист, иқтидорли олим, истеъдодли педагог ва моҳир ташкилотчи сифатида терапия ва кардиология соҳасининг мамлакатимиздаги ривожи учун муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Унинг раҳбарлигида 22 нафар фан доктори, 52 нафар фан номзоди етишиб чиққан.
Анис Лютфуллаевич Аляви
Профессор А.Аляви Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида бўлим ходимлари билан биргаликда ўткир миокард инфарктини ташхислаш, даволаш йўлларини такомиллаштириш бўйича коронароангиография ва агиопластика усулларини кенг йўлга қўйган.
— Бугун ҳаётимда энг қувончли, энг ҳаяжонли кун, — дейди Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази лойиҳа илмий раҳбари Анис Аляви. — Мен ва мен орқали барча тиббиёт ходимларига бўлган юксак эътибори, беқиёс эхтироми учун, аввало, давлатимиз раҳбарига раҳмат айтмоқчиман.

Юртимиз шифокорлари номидан тиббиёт соҳаси ривожига, қолаверса, халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш йўлидаги камтарона меҳнатимизга катта баҳо бериб, доимий ғамхўрлик кўрсатиб келаётганингиз учун самимий миннатдорчилигимни билдираман. Бу жуда нуфузли унвон. Уни нафақат менга, бутун юртимиз шифокорларининг меҳнатига берилган мукофот, деб биламан.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Ахборот хизмати.

Изоҳ билдириш