12867

Мирзиёев: Хокимликка номзодлар сиёсий партия гуруҳлари муҳокамасидан ўтмаса, у ҳоким лавозимига тайинланмайди

Ўзбекистон 13 июль 17:07 1 018

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев  бугун, 12 июль куни сенаторлар, депутатлар ҳамда сиёсий партиялар вакиллари билан учрашди. Бу ҳақида «Ўзбекистон» телеканалининг «Ахборот» дастурида хабар қилинди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, ҳукумат аъзолари, сиёсий партиялар ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Видеоконференция алоқаси орқали йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳарлар кенгашлари аъзолари, маҳаллий ижро органлари раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Президент бундан буён вилоят ва республика миқёсидаги ижроия ҳокимияти юқори лавозимларига тайинлашда партиялар фикрини албатта инобатга олиш тартибини жорий этиш таклифини билдирди.

Шу ўринда яна бир жиддий масалага эътиборингизни қаратмоқчиман. Бизда ҳокимлар маълум бир сиёсий партия аъзоси ҳисобланади. Лекин, улар ҳоким бўлганидан кейин ўзи аъзо бўлган партия билан умуман алоқани узиб қўяди.

Бу борада бир таклифни илгари сурмоқчиман: туман ёки шаҳар ҳокими номзодини вилоят ҳокими томонидан тегишли маҳаллий кенгашларда ҳар бир партия гуруҳи билан маслаҳатлашув ўтказилганидан сўнг тегишли сессияда тасдиқлаш тартибини жорий этсак, нима дейсизлар?

Сизларга маълумки, бундай тартиб ҳозирги вақтда вилоят миқёсида мавжуд. Аммо у фақат қоғозда бор-у, амалда, афсуски, ишламаяпти.

Биз энди ана шу қонуний механизмни маҳаллий кенгашларнинг барча босқичида самарали ишга соламиз. Агар бирорта номзод партия гуруҳлари муҳокамасидан ўтмаса, у ҳоким лавозимига тайинланмайди.

Айтиш керакки, ҳоким лавозимига номзод сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган кадрлар орасидан танлаб олинади, яъни ҳоким муайян сиёсий партиядан бўлади. Бунинг учун ҳар бир сиёсий партияда ҳокимликка номзодлар бўйича кадрлар захирасини шакллантириш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Айни пайтда маҳаллий кенгашлардаги партия гуруҳларига тегишлича туман ёки шаҳар ҳокимлари, шунингдек, маҳаллий ижро органлари раҳбарларининг қониқарсиз фаолияти ҳақида хулосаларни вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига тақдим этиш ҳуқуқини ҳам бериш керак, деб ҳисоблайман. Бу борада ҳар бир сиёсий партия гуруҳи ўз хулосасини бериши лозим.

Яна бир таклиф – бундан буён вилоят ва республика миқёсидаги ижроия ҳокимияти юқори лавозимларига тайинлашда партиялар фикрини албатта инобатга олиш тартибини жорий этсак, нима дейсизлар?

Шу муносабат билан Давлат маслаҳатчиси О.Муродовга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси билан биргаликда бир ой муддатда “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунга ва бошқа қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳасини тайёрлаш топширилади.

Биз партиялар сафини билимли, ташкилотчи ва ватанпарвар ёш кадрлар билан тўлдиришимиз лозим. Сиёсий партиялар ходимлари партия ишида тобланиши, шундан сўнг давлат органлари ва ҳокимликлар тизимидаги турли лавозимларга, жумладан, депутатлик лавозимларига асосий захира бўлишлари даркор. Бу партияда ишлаш учун асосий омил ва рағбат бўлиб хизмат қилиши керак, -деб таъкидлади Президент.

Изоҳ билдириш