44993

Милиционернинг ўспиринга қўл кўтаргани билан боғлиқ ҳолат юзасидан маълумот берилди

Ўзбекистон 20 июль 15:46 803

Ижтимоий тармоқларда “Андижон вилоятида ИИБ ходими тунда кўчада юрган ўспиринни ҳақорат қилиб, унга қўл кўтарди” деб номланган видео тарқатилди. Унда Бўз тумани ички ишлар ходимларининг бир нафар фуқарони ҳақоратлагани ва унинг қўлидан тортиб ички ишлар биносига олиб кирмоқчи бўлганлиги тасвирга туширилган. Андижон вилояти ИИБ ушбу ҳодисага изоҳ берди, деб хабар бермоқда «Дарё».

Воқеа 15 июль куни тунги соат 23:30 ларда Бўз тумани Бўстон маҳалласида 1998 йилда туғилган фуқаро Муҳриддин Маъруфжонов билан содир бўлган. У ҳақиқатдан ҳам 15 июль куни тунги 23:30 ларда савдо дўконидан яшаш хонадони томон, селофан пакетда ўзига тегишли бўлган 250 000 сўм пулни олиб кетаётган вақтида кўчада ўзига нотаниш бўлган 3-4 нафар фуқаролар бақир-чақир қилиб кетаётганлиги учун туман ИИБ ходимлари улар билан бирга, ушбу фуқаронинг ҳам шахсига ойдинлик киритиш мақсадида Бўз тумани ИИБга олиб боради.

Бу жойда туман ИИБ профилактика инспектори лейтенант М.Парпиевга оғзаки равишда ўзини таништиргач, ушбу ходим унинг отаси Музаффар Маруповга қўнғироқ қилган. Фуқаро М.Марупов, профилактика инспектори М.Парпиевга ҳақиқатдан ҳам М.Маъруфжонов унинг ўғли эканлиги, бироқ кейинги вақтларда ўғли кўчадан кеч уйга кираётганлиги, отасини тартибга чақириш ҳақидаги ўгитларига қулоқ солмаётганлиги учун ички ишлар ходимидан ўғлини тартибга чақириб қўйишини сўрайди. Шундан сўнг профилактика инспектори М.Парпиев уни тартибга солиш мақсадида тунги вақтларда кимлар билан ва нима мақсадда юрганлигини, нега отасининг сўзларига қулоқ солмаётганлиги ҳақида гапиради. Ундан қўлидаги целлофан пакетдаги пулларни кўриб, “ушбу пулларни олиб қаердан келаяпсан” деб сўраганида, унга “ушбу пуллар ўзимнинг пулларим, нима пул билан юриб бўлмайдими” деб қизиққонлик билан жавоб қайтаради. Бунга жавобан ички ишлар ходими унинг ёқасидан ушлаб, бўлим ҳовлисидан ички ишлар биноси ичкарисига киришни талаб қилади. Буни кўрган туман ИИБ ходими Б.Шомирзаев М.Парпиевнинг бу хатти-ҳаракатини тўхтатади. Шундан сўнг ИИБ ходимлари томонидан унинг шахсига оид маълумотлар ёзиб олиниб, фуқаро Муҳриддин Маъруфжонов яшаш уйига олиб бориб қўйилади. У ўзи билан боғлиқ ҳолатнинг яширин тарзда видео тасвирга туширилиб тарқатилганлигидан орадан икки кун ўтгандан сўнг хабар топади.

Фуқаро М.Маруфжоновнинг отаси Музаффар Марупов билан суҳбатлашилганда ўғли М.Маруфжонов билан боғлиқ барча ҳолатларни тасдиқлаб, видео тасвирда акс эттирилган ҳолатлар бўйича туман ИИБ ходимларига ҳеч қандай эътирози йўқлигини айтади. Бироқ ўғли билан боғлиқ ҳолатни видео тасвирга олиб тарқатган шахсга нисбатан қонуний чора кўриб беришни сўраган.

Мазкур аниқланган ҳолатлар бўйича ҳозирда Андижон вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан Бўз тумани ИИБ ходимларига нисбатан белгиланган тартибда хизмат текшируви ўтказилмоқда.

Изоҳ билдириш