44747

«Менга турмушга чиқасизми?» Татьяна Каримова Ислом Каримов билан илк учрашувларини ёдга олди

Ўзбекистон 16 июль 17:04 1 043

Татьяна Каримова Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов билан илк учрашувларини ёдга олди.

«Ислом Абдуғаниевич билан 1970 йили Самарқандда, акаси Ибод Ғаниевичнинг уйида танишганмиз. Унинг рафиқаси Хайринисо Султоновна менинг аммаваччам эди. Мен Самарқандда муҳандислик-технология факультетида таҳсил олиб, талабалар ётоқхонасида истиқомат қилар, дарсдан кейин уларникига тез-тез меҳмонга бориб турар эдим. Ибод Ғаниевич оқкўнгил, ақлли ва одамшаванда инсон, боз устига, яхши суҳбатдош ҳам эди.

Янги йил эшик қоқиб турган кунларнинг бирида опамникида ўтган навбатдаги меҳмондорчиликдан сўнг эндигина кетишга тараддуд кўриб турганимда бир йигит келиб қолди. Уни менга Ибод Ғаниевичнинг укаси деб таништиришди. Бу Ислом Абдуғаниевич эди. Биринчи учрашувимизда деярли гаплашмадик. Қизлик идрокимда недир кучли таассурот қолдирганини эслолмайман. Мен учун у пайтда Ислом Абдуғаниевич оқ-қорани таниган жиддий бир одам, эгачимнинг қайниси эди.

Орадан бир неча ой ўтиб, февраль ойларида биз яна Тошкентда кўришдик. Мен Фарғонага таътилга кетаётган эдим. Қувасойдаги қариндошларни йўқлашга отланган Хайринисо Султоновна менга ҳамроҳ бўлди. Ислом Абдуғаниевич чипта олишда ёрдам берди. Пойтахтда бирровга тўхтаб ўтдик.

Бу гал ҳам суҳбатимиз узоқ давом этмади.

Кечагидек ёдимда, мартнинг еттинчи куни, айни байрам арафаси эди. Кўкламнинг хуш ифорга тўла илиқ ҳавоси. Шиғалаб ёғиб ўтган ёмғирдан кейин атроф-борлиқ тоза, мусаффо ва гўзал бўлиб кетган. Кўлмакларда осмон парчаси акс этар, кўнгиллар ёришиб, фараҳбахш ҳисларга лиммо-лим тўлган эди. Мен талабалар ётоқхонасида эдим. Иттифоқо бир йигит сўраб келганини хабар қилишди. У ким экани етти ухлаб тушимга ҳам кирмагани рост. Ўзимча отам йўллаган (эҳтимол бирор нарса бериб юборгандир) ёки оиламиз, хонадонимизга дахлдор бировдир-да деб ўйладим.

Чиқиб кўрдимки, мени йўқлаб келган одам Ислом Абдуғаниевич экан.

Мени сайр ва суҳбатга таклиф қилди. Биз илк бор ёлғиз ўзимиз кўришиб турган эдик. Табиат, об-ҳаво, ўқиш ҳақида суҳбатлашдик. Одатий суҳбат.

Лекин сайр асносида Ислом Абдуғаниевич тўхтаб, ҳеч кутилмаганда ‘Менга турмушга чиқасизми?’ деб сўради. Мен, албатта, ҳайратдан қотиб қолган эдим. Қандай изоҳлашни ҳам билмайман, мен шундай ҳолга тушган эдим: ақл вазиятни ҳали тўлиқ англаб, баҳолаб бўлмасдан, қалб ва юрак ‘ҳа’ дея жавоб бериб бўлганди. Кўнгил шубҳаю гумондан холи кезларда шундай бўлади. Мен бу инсоннинг кучи, самимияти, жозибаси, қатъияти ва недир бир оханрабосини сезган бўлсам керак… Мен ‘ҳа’ дея жавоб бердим. Бари ана шундай кечган эди. Бор-йўғи бир неча қисқа учрашув…»

Изоҳ билдириш