12635

М-39 автомобиль йўлининг Қозоғистон орқали ўтувчи участкаси очилди

Ўзбекистон 11 июль 22:25 683

11 июль куни Тошкент ва Самарқанд ўртасидаги М-39 йўлининг Қозоғистоннинг Мақтаарал тумани орқали ўтувчи участкаси яна очилди. Бу ҳақида «Ўзбекистон» телеканалининг «Ахборот» дастури хабар қилди.

Шу куни Ўзбекистон-Қозоғистон давлат чегараларида жойлашган «Малик» («Сирдарё» ва «Оқ олтин» («Целинний») автомобиль ўтказиш пунктлари фаолият кўрсатишни бошлади.

М-39 йўлининг қўшни мамлакат ҳудуди орқали ўтувчи 25 километрга яқин масофадаги участкаси 2006 йилда ёпилган эди. Икки давлат раҳбарларининг келишуви шарофати билан унинг очилиши бўлиб ўтди.

Йўлнинг очилиш маросимида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Улуғбек Розуқулов, Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев ва бошқа расмий шахслар иштирок этди. Қозоғистон томонидан Қозоғистон инвестициялар ва тараққиёт вазири ўринбосари Роман Скляр, Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокими Жансеит Туймебаев, Қозоғистоннинг Тошкентдаги элчиси Ерик Утембаев ва бошқалар иштирок этди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президентининг 26 апрелдаги қарорига мувофиқ, трасса очилиши 15 майда бўлиб ўтиши керак эди, бироқ бу сана кўчирилди. Йўл орқали фақатгина енгил автомобилларнинг ўтишига рухсат берилади, юклар ва тижорий мақсадлардаги товарларни олиб ўтиш тақиқланади.

Ўзбекистон фуқароси соддалаштирилган тартибда — божхона ҳужжатларини расмийлаштирмасдан Мақтаарал тумани орқали тўхталишларсиз транзит билан чегарадан ўтиши мумкин. Бунда давлат чегараларини кесиб ўтиш ҳуқуқини берувчи шахсни тасдиқловчи ҳужжат талаб этилади.

Нотранзит мақсадларда Қозоғистон йўналишида ҳаракатланувчи Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқароларига нисбатан чегара назорати қонунчиликда белгиланган тартибда ва Ўзбекистон имзолаган халқаро шартномалар доирасида амалга оширилади.

Божхона назорати соддалаштирилган тартибда амалга оширилади, ҳеч қандай божхона декларациялари тўлдирилмайди, транспорт воситаси рўйхатга олинмайди ва божхона кўригидан ўтказилмайди, бироқ мажбурий визуал кўрик олиб борилади.

Изоҳ билдириш