6747

Лицей битирувчисига мутахассислик қачон ва қайси шартларда берилади?

Ўзбекистон 18 май 14:53 375

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўрта махсус, касб таълими марказининг (10.05.2017 йилдаги №2882 сонли) қарори билан академик битирувчиларига мутахассисликлар бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақида Норма.уз хабар қилмоқда.

Маълумки, академик лицейларни тугатувчиларга алоҳида касб мутахассисликларини тақдим этиш Президентнинг 2017 йил 14 мартдаги ПҚ–2829 қарорига илова қилинган рўйхат асосида амалга оширилади. Шунга кўра, лицей ўқувчиларига аниқ бир мутахассислик тақдим этиш мураббийлар кенгаши қарори билан тасдиқланади.

Таъкидлаш жоиз, академик лицейларда мутахассислик махсус фан сифатида ўргатилади. Лицей ўқувчиларининг махсус фан бўйича назарий билими Академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг билими, иқтидори ва кўникмалари сифатини назорат қилишнинг рейтинг тизими тўғрисидаги (19.05.2008 йилдаги №1812 сонли) низомга мувофиқ аниқланади.

Лицей ўқувчиларининг махсус фанни қай даражада ўзлаштирганлигини аниқлаш учун амалий имтиҳон ўтказилади. Имтиҳонлар ва амалий машғулотлар ўтказилиши жадвали 15 кун аввал эълонлар тахтасига осиб қўйилади.

Имтиҳон чиптасида битта амалий топшириқ берилади. Уни бажариш учун ўқувчига 15 дақиқа берилади. Ўртача арифметик баҳоси «3» баллдан кам бўлган ўқувчи имтиҳондан ўтмаган ҳисобланади. Имтиҳондан ўта олмаган ёки узрли сабабга кўра имтиҳонга кела олмаган ўқувчи лицейни тугатганлиги бўйича диплом топширилгунича, имтиҳонни қайта топшириши мумкин.

Лицей ўқувчиси имтиҳон натижасидан норози бўлса, имтиҳон натижаси эълон қилинганидан сўнг 24 соат мобайнида апелляция билдириши мумкин. Апелляция комиссияси унинг мурожаатини 24 соат ичида кўриб чиқиши керак.

Имтиҳонни муваффақиятли топширган ўқувчиларга (ўртача баҳоси «3» балл ва ундан юқори) мутахассислик бўйича давлат намунасидаги сертификат берилади. Ушбу сертификат иккинчи ўрта махсус таълим олганини англатмайди, аксинча меҳнат фаолияти давомида олган билимларини қўллашга ҳуқуқ беради.

Ҳужжат давлат тилида қабул қилинган ва 2017 йил 15 майидан кучга кирган.

Изоҳ билдириш