32381

ИИББ ЙҲХБ томонидан тўхташ ёки тўҳтаб туриш қоидабузарликларига нисбатан чоралар кўрилмоқда

Ўзбекистон 20 февраль 20:39 5 994

Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХ Бошқармаси ходимлари томонидан, тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидабузарлиги юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилмоқда.

Жумладан, тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидасини бузган ҳайдовчиларга нисбатан жойида маъмурий баённомалар расмийлаштириб келинмоқда. Агарда транспорт воситасининг ҳайдовчиси бўлмаса ва тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларига риоя килинмаганлиги оқибатида мазкур транспорт воситаси йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳаракатланишига халақит берса, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 291-моддасига асосан транспорт воситасини махсус тўхташ жойлари (жарима майдони)га эвакуация қилинмокда.

Эвакуация қилиниши тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 майдаги “Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги 149-сонли Қарорида белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 февраль кунидаги “Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги ПҚ-3528-сонли Қарорининг 25-бандида, икки ой муддатда илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Тошкент шаҳрида транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан тўхтаб туриш қоидаларини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритишнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш тўғрисида таклифлар киритиш, бунда ҳайдовчиси бўлмаганда ҳам нотўғри тўхтаб туриш ҳолатини қайд этиш ва баённомалар тузилиши назарда тутилган.

Мазкур Қарор талаблари ижроси юзасидан тегишли таклифлар тайёрланмоқда.

Ҳозирги вақтда, пойтахт кўча ва йўлларида ўрнатилган 3.27 (Тўхташ тақиқланган) ва 3.28 (Тўхтаб туриш тақиқланган) йўл белгиларини хатловдан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда. Хатлов давомида ҳозирги кунда ўз аҳамиятини йўқотган йўл белгиларини олиб ташлаш, шунингдек, 3.27 (Тўхташ тақиқланган) йўл белгиларини 3.28 (Тўхтаб туриш тақиқиланган) йўл белгиларига алмаштириш чоралари ҳам кўрилмоқда.

Маълумот учун:

Ўзбекистон Республикасининг МЖтКнинг 1286-моддаси – транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиши, –

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиши, –

энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. (ҳозирги кунда 516 720 сўмни ташкил этади).

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган худди шундай ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш, –

энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (861 200 сўмни ташкил этади).

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган худди шундай ҳуқуқбузарликни икки марта маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш, –

энг кам иш ҳақининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (1 722 400 сўмни ташкил этади).

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган худди шундай ҳуқуқбузарликни уч марта ва ундан ортиқ маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш, –

энг кам иш ҳақининг ўн беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (2 583 600 сўмни ташкил этади).

Изоҳ билдириш