Давлат ҳокимияти органларига, давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотлари раҳбарининг илтимосномасига кўра Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиши мумкин бўлган ташкилотлар рўйхати кенгайди. Бу ҳақда «Norma.uz» хабар берди.

2018 йилнинг 4 декабридан эътиборан мазкур рўйхатга Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қўшилди.

Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 24 июлдаги ПФ-5120-сонли Фармони билан бевосита давлат раҳбарига бўйсунувчи ташкилот сифатида ташкил этилди.

Фуқароларни доимий прописка қилиш Қонун билан тасдиқланган рўйхатининг 11-бандига мувофиқ давлат ҳокимияти органларига, давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотларига ишга таклиф этилаётган юқори малакали мутахассислар, тор ихтисосликдаги мутахассислар тегишли орган ёки ташкилот раҳбарининг илтимосномасига кўра, шунингдек уларнинг оила аъзолари (эри, хотини, шунингдек уларнинг ўз оиласи бўлмаган фарзандлари) — мазкур фуқаролар лавозимда турадиган даврга доимий прописка қилинади.