38919

Халқ таълими вазирлиги: ўқувчини камситишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!

Ўзбекистон 16 май 12:21 735

Сўнгги кунларда интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда пешонасига “2” баҳо қўйилган ўқувчилар сурати тарқалиб, кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди ва ҳамюртларимизнинг ҳақли эътирозини келтириб чиқарди.

Халқ таълими вазирлиги томонидан мазкур ҳолат ўрганиб чиқилди. Маълум бўлишича, воқеа шу йилнинг май ойи бошида Бекобод шаҳридаги 5-сонли умумтаълим мактабининг 1-“Ж” синфида содир бўлган. Тошкент вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан муассасада хизмат текшируви ўтказилиб, ўқувчиларнинг камситилишига йўл қўйгани учун барча масъул ходимларга тегишлича чора кўрилди.
Хусусан, муассасада ўқувчиларнинг ҳуқуқлари поймол этилиши, уларнинг қадр-қиммати камситилишига шароит яратиб бергани, мактабда назоратни издан чиқариб, таълим-тарбия жараёнини қониқарсиз ҳолатга келтиргани, ўзининг лавозим мажбуриятларини қўпол равишда бузгани учун мактаб директори Д.Бабамуратова билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниб, эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Ўз вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашгани, қатор хато ва камчиликларга йўл қўйганлиги учун мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосарлари Ҳ.Раззоқова, Г.Байматова, О.Абдуллаева, маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлар И.Мўминов, М.Рўзиева ҳамда педагогга хос бўлмаган хатти-ҳаракатлари, ўз ўқувчисининг камситилишига йўл қўйгани учун бошланғич синф ўқитувчилари С.Раҳмонова, М.Ҳамдамова билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинди.

Ўз хизмат вазифасига совуққонлик билан қарагани, тасарруфидаги таълим муассасаларида ўқув жараёнларини назорат қилмагани учун Бекобод шаҳар халқ таълими бўлими мудири М.Қўзибаевга “Ҳайфсан” берилди. Бекобод шаҳар халқ таълими бўлими маънавий-маърифий тарбия ва болаларнинг ижтимоий ҳимояси бўйича шўъба мудири Н.Мусакова эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Тошкент вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Ш.Бурхонов ўқувчиларнинг ота-оналари билан учрашиб, улардан бўлган воқеа учун узр сўради.

Мазкур ҳолат тизимдаги барча таълим муассасаларида педагоглар, маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди. Воқеа юзасидан аниқланган хато ва камчиликларга ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига маълумот киритилди.

Халқ таълими вазирлиги ҳар бир ўқувчининг бепул ва сифатли умумий ўрта таълим олишга бўлган конституциявий ҳуқуқлари сўзсиз таъминланишига кўмаклашади ва ўқувчи ҳуқуқлари бузилишининг ҳар қандай кўринишига нисбатан қатъий чора кўради.

Шу ўринда, вазирлик ота-оналар ва жамоатчиликдан таълим-тарбия жараёнларида фаол бўлишни сўраган ҳолда ҳамкорликка доим тайёрлигини маълум қилади.

  • Хозирда куда хеч кайси таълим муассасида ишловчи укитувчи-мураббийларни бундай таълим беришига хакки йук. Чунки бу «халк сузи» билан айтганда, «У тугдириб куйган фарзанди эмас».
    Лекин бир уйлаб курайлик, Биз кимларнинг фарзандимиз….
    Уз тарихимизда фарзандини косибга ё, козига чогирд килиб бераетганида кандай келишув булар эди…

Изоҳ билдириш