41625

Гулнора Каримованинг миллионлари Ўзбекистонга қайтарилиши мумкин

Долзарб | Ўзбекистон 12 июнь 8:45 1 556
Фото:eurasianbusinessbriefing.com

Ўзбекистон Гулнора Каримовага тегишли бўлган 810 миллион АҚШ долларига эга бўлиши мумкин, деб ёзмоқда «Kommersant.uz».

Швейцария ҳукумати Гулнора Каримовага тегишли деб тахмин қилинаётган пулларни Ўзбекистонга қайтармоқчи. Маълумот Тошкент ва Берн ўртасида кечаётган музокараларга алоқадор швейцариялик амалдорлардан бири томонидан тақдим қилинган. Амалдор ўз шахсини ошкор қилишни истамаслигини билдирган.

«Музокаралар етарли даражада узоқ давом этди. Маълумки, бу пулларга бир қанча даъвогарлар бор. Биринчи номзод — Ўзбекистон ҳукумати, иккинчиси — АҚШ, учинчиси — Zeromax кредиторлари. Каримова ва унинг шериклари ўзларининг молиявий фирибгарликларини Америка долларларида амалга оширгани ва бунда Қўшма штатлар банк тизимидан фойдаланганини даъво қилаётган АҚШ адлия вазирлиги пулларнинг бир қисмини қўлга киритиши мумкин. Zeromax кредиторлари эса компаниянинг асл эгаси Каримова бўлганини терговга ҳозирча исботлай олгани йўқ. Шунинг учун, Zeromax’нинг пулларга эга бўлиш эҳтимоли деярли йўқ», — дея амалдор вазиятни изоҳлаган.

Амалдорнинг сўзларига қараганда, ҳозирда Швейцария ҳукумати музлатилган пулларнинг ҳақиқий эгаси Ўзбекистон, деган хулосага келган.

Швейцария прокуратурасининг матбуот хизмати иш бўйича тафсилотларни ошкор қилишдан бош тортди. Матбуот хизмати буни жиноят ишининг ҳали ўз якунига етмагани билан изоҳлади.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентдаги Форумлар саройи ва «Бунёдкор» стадионини қуриш учун Zeromax GmbH компанияси 20 дан ортиқ Швейцария компаниялари билан шартномалар тузган. 2010 йил 28 октябрда Zeromax ўзини касодга учраганини маълум қилган. Европалик кредиторлар эса Каримованинг музлатилган активлари ҳисобидан қарзларнинг қайтарилишини сўраб арз қилган. Қарзнинг умумий миқдори 5 миллиард долларни ташкил қилган. Кредиторлар Zeromax’нинг ҳақиқий эгаси Гулнора Каримова эканини айтган. Компаниянинг собиқ ижрочи директори Миродил Жалолов айни пайтда Ўзбекистондаги қамоқхоналардан бирида жазо муддатини ўтамоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси берган маълумотларга қараганда, 2015 йилнинг августида Тошкентдаги суд Каримовани солиқларни тўлашдан бош тортиш, ўғирлик, пул ундириш ва офшор компанияларининг ҳужжатларини йўқ қилишда айбдор деб топиб, 5 йил муддатга уй қамоғи жазосига ҳукм қилган. Кейинроқ Гулнора Каримовага нисбатан яна битта жиноят иши қўзғатилган.

 

Изоҳ билдириш