39140

ФВВ: Сел оқибатлари бартараф этилди (фото)

Ўзбекистон 17 май 21:38 383

Ёмғирларнинг тўхтовсиз ёғиши оқибатида Ўзбекистоннинг жанубий қисмида сел оқимининг вужудга келиши кузатилган. Натижада, инсонларнинг қурбон бўлиши ва бедарак йўқолиши каби ачинарли ҳолатлар юзага келган. Бундан ташқари, уй-жой ва қабристон ҳудудларини ҳам сув босган.

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан жорий йилнинг 12-17 май кунларида республикамизнинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел келиши хавфи тўгрисидаги  маълумотлар тарқатилган эди. Шундай бўлсада, кучли сел бахтсиз ҳодисаларнинг  келиб чиқишига сабаб бўлди.

       

Жумладан;

13 май куни пойтахтимиз Тошкентда узлуксиз ёмғир ёғиши оқибатида кўп қаватли уйларнинг ертўлалари, автойўлларда сув тошқини содир бўлган;

бундан ташқари, Қашқадарё вилояти Китоб туманида ҳам кучли ёмғир оқибатида 4 та хўжаликда сув тошқини ҳолати кузатилган;

шунингдек, 14 май куни Самарқанд вилояти Нуробод туманида сел оқими натижасида 62 хўжаликка зарар етган;

16 май куни Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида ҳам юз берган фавқулодда вазият оқибатида 5 нафар инсон ҳалок бўлган.

Содир бўлган барча ҳодисалар юзасидан инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, кўчалар, ариқлардаги сел оқимидан қолган қолдиқларни тозалаш ишлари, шунингдек,  кўп қаватли турар жойларнинг ертўлаларидан қолдиқ сувларни махсус техникалар ёрдамида чиқариб олиш ишлари Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий бошқармалари, вилоят ва шаҳар ҳокимликларнинг куч ва воситалари билан ҳамкорликда амалга оширилди. Қолаверса, яроқсиз бўлиб қолган аҳоли турар жойлари, вақтинчалик бошқа уйларга кўчирилиб ўтказилди. Аҳоли ўртасида юқумли касалликларни тарқалишидан олдини олиш учун дезинфекция тадбирлари ўтказилди.

Сел оқибатларини бартараф этишда жами 642 нафар инсон ҳамда 200 та техника жалб қилинган.

Изоҳ билдириш