37305

Фарғоналик ота ўз ўғлига «Муҳаммад қассоб» дея исм қўйганини билармикан?

Ўзбекистон 27 апрель 11:30 5 657

18-апрел куни Фарғона шаҳрининг Ёрмозор ҳудудида яшовчи Мадраҳимовлар оиласида чақалоқ дунёга келди. Унга «Ливерпул»нинг мисрлик ўйинчиси Муҳаммад Салоҳга ҳавас қилиниб, Муҳаммадсаллоҳ деб исм қўйилгани ҳақида аввалроқ хабар берилганди,- деб ёзади ўз блогида Фозилбек Юсупов.

Муҳаммад Салоҳнинг ҳозирги кундаги ўйинидан барчамиз роҳатланяпмиз. Фарзандим туғилишидан 3-4 кун аввал дўстларим билан суҳбатлашиб турган эдик. Кўпроқ биз футбол мавзусида гаплашамиз. Яқин кунларда фарзандли бўлишимдан хабарлари бор эди. Шунда Жамшид исмли дўстимиз таклиф қилди исмини Муҳаммадсаллоҳ қўйгин деб. Бу фикр барчамизга маъқул келди. Рости у кунларда исм танлаш борасида умумман ўйламаётган эдим. Айнан дўстим бунга сабабчи бўлди. Ўзим футболчи бўлишни истаганман. Аммо тақдир тақозоси билан футболчи бўлиш насиб қилмаган. Аввало бу тақдир, ўғлим ким бўлишини ўзи ҳал қилади, агар футболчи бўлмоқчи бўлса барча шароитларини яратиб бераман, дейди Мадраҳимов Умиджон, Муҳаммадсаллоҳнинг отаси.

Бироқ Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси Муҳаммадамин Каримжоновнинг таъкидлашича исм хато қўйилгани, яъни Саллоҳ эмас, балки Салоҳ бўлиши керак.

Саллоҳ — мол сўядиган мутахассис, қассоб дегани «Улар — саллоҳ пичоғию, биз эса — бўғиз» (Н.Ҳикмат). Салоҳ — ҳаққонийлик, тўғрилик маъносини беради.

Ота, албатта, буни ўзи билмаган ҳолда амалга оширган, шу сабабли исмни иложи борича тезроқ алмаштириш тавсия қилинади. Бу борада ҳуқуқий жиҳатдан ҳеч қандай муаммо бўлмайди.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси 228-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тузилган фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувларига ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритиш етарли асослар мавжуд бўлиб, манфаатдор шахслар ўртасида низо бўлмаганда ушбу далолатнома ёзувлари сақланаётган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан амалга оширилади.

Ариза намунаси:

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида иш юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага 48-илова

Ўн олти ёшга тўлган шахсларнинг туғилиш, никоҳ тузиш, никоҳдан ажралишни қайд этиш дафтарларига ўзгартиришлар киритиш уларнинг аризаларига биноан амалга оширилади.

Ўн олти ёшга тўлмаган шахсларнинг туғилиш ҳақидаги ёзувлар дафтарига ўзгартиришлар киритиш уларнинг ота-онаси аризасига биноан амалга оширилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 14 ноябрдаги 387-сон қарорига 1-илова

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш

Қоидаларининг 24-бандига кўра боланинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, унга келгусида унинг шаъни ва қадрини камситиши мумкин бўлган исм берилишига йўл қўйилмайди. Бола исмига доир келишув мавжуд бўлмаганда пайдо бўлган келишмовчилик васийлик ва ҳомийлик органи томонидан ҳал этилади.

Изоҳ билдириш