44248

​Фарғонада парашютдан сакраш мусобақаси бўлиб ўтди (фото)

Ўзбекистон 10 июль 9:20 278

Шарқий ҳарбий округ дала ўқув майдонида XI парашют спорти бўйича очиқ мусобақаси бўлиб ўтди.

Сакрашлар Ми-8 ҳарбий вертолётидан салкам 3 минг метр баландликдан амалга оширилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Шарқий ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисмда ҳам бўлиб, ҳаво десантчилари тайёргарлигини ошириб бориш учун аэродинамик тренажёрлар ўрнатиш, «Ватанпарвар» ташкилотлари қошида парашютчилар тўгараклари очиш бўйича муҳим топшириқлар берган эди.

“Ушбу мусобақадан умидимиз катта. Асосий мақсадимиз Қуролли Кучларимизда парашют спортини оммалаштириш, профессионал парашютчиларни етиштириш ва энг асосийси, ёшларимиз орасида ҳаво-десант бўлинмаларида хизмат қилишга бўлган иштиёқни оширишдан иборат”, — дейди ҳарбий округ ҳаво-десант хизмати бошлиғи подполковник Мардонбек Эшанов.

3 кун давом этган мусобақада аниқликка парашют билан сакраш йўналиши бўйича 1-ўрин кичик сержант Музаффар Қаҳҳоровга насиб этган бўлса, 2-ўринни Михаил Ленченко, 3-ўринни катта сержант Алтинбой Клышов эгаллади.
      

Жамоавий таркибда парашют билан аниқликка сакраш йўналишида 1-ўрин Ўзбекистон Республикаси парашют спорти федерацияси “Аэроспорт” жамоасига, 2-ўрин Тошкент ҳарбий округи “Лочин” жамоасига, 3-ўрин эса Мудофаа вазирлиги марказий аппаратининг “Мерган” жамоасига насиб этди.

Мусобақада жамоаларни тайёрлаш бўйича энг яхши мураббий номига Ўзбекистон Республикаси парашют спорти федерацияси мутахассиси Алексей Борщук сазовор бўлди.

Изоҳ билдириш