38203

Эксперт Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи сабабини тушунтирди

Долзарб | Ўзбекистон 8 май 9:50 2 098

Яқин орада АҚШга расмий ташриф билан жўнаб кетадиган Ўзбекистон Президенти Америка маъмурияти билан кенг доирадаги масалаларни муҳокама қилади. Бу ҳақда Тошкентдаги «Маъно» тадқиқотчилик ташаббуслари маркази директори Бахтиёр Эргашев фикр билдирди, деб ёзади Sputnik.

«АҚШ — бу инвестициялар, минтақавий муаммоларни ечишда ҳамкорлик. Шу туфайли минтақавий хавфсизлик масалалари ҳал этилишига, минтақадаги мамлакатлар тараққиётига, ўсиш ва иқтисодий ривожланиш учун имкониятларни таъминлашга эришишни истаётган Ўзбекистон учун АҚШ билан шериклик жуда муҳим. Президент АҚШга жавоблар олиш ва бу йўналишларнинг барчаси бўйича келишиб олиш учун кетмоқда», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати, айниқса, минтақавий кесимда, жуда фаол ва мантиқий давомга эҳтиёж сезади.

«Яқинда Тошкентда Афғонистон бўйича жуда жиддий конференция бўлиб ўтди ва уни ўтказишда асосий шериклардан бири АҚШ бўлди. Аммо энди кейинги босқичга ўтиш, бу масалаларни ҳал қилишни давом эттириш керак. Бу ҳам сиёсий хусусиятдаги мақсадлар, ҳам хавфсизлик, иқтисодиёт ва инвестициялар масалалари, уларнинг барчаси муҳокама қилинади. У ерда жуда яхши ижобий ечимлар бўлади, деб ўйлайман. Томонлар бунга тайёр», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил 19 декабрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва АҚШ Президенти Дональд Трамп ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтган эди. Ўшанда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришнинг истиқболли режаларини биргаликда кўриб чиқиш мақсадида президент Трамп Шавкат Мирзиёевга АҚШга расмий ташриф билан боришни таклиф этганди.

2018 йил март ойида АҚШ раҳбари Ўзбекистон Президентига йўллаган мактубида эса яқин орада учрашувни интизорлик билан кутиб қолишини таъкидлаган эди.

Изоҳ билдириш