29988

Дўппини олиб қўйиб, бир ўйланг: Биз киммиз ўзи?!

Ўзбекистон 22 январь 11:56 2 156

Олдиндан айтиб қўяй: мен ҳар бирингиздан кўпроқ севаман, Ўзбекистонни! Мен яхши кўраман миллатимни! Яхши кўраман миллатдошимни! Яна айтиб қўяй, миллатчи ҳам эмасман! Ёзганларимни ўқиб, маломат қилишга ошиқманг! Дўппини олиб қўйиб, бир ўйланг: Биз киммиз ўзи?!

Тафсилотини билиб бўлдингиз — Қозоғистонда маҳаллий ҳайдовчилар бошқарувида бўлган, ичида 54 ўзбек бўлган автобус ёниб кетди. 52 киши ёниб ўлди. 5 киши тирик қолди — улардан иккиси ҳайдовчилар.

Ўзбекистон ҳукумати ҳалок бўлганларнинг жасадини олиб келиш учун махсус самолёт юборди. Қозоғистонга махсус комиссия ҳам юборилди.

Бутун дунёдаги мамлакатлар зиёли инсонлар президентимизга, халқимизга ҳамдардлик билдириб турибди. Ўзбекистонда ҳам, Қозоғистонда ҳам жума намозларида шу фожиа қурбонлари учун Қуръон ўқилиб, дуолар қилинди.

Мен ҳам ўлганларнинг оила аъзоларига таъзия изҳор қиламан. Албатта, жуда қайғурдим. Аммо кўнглимни бири-бирига терс ҳислар қамраб олди, фикрларим тинчлик бермай қўйди: эй, миллатдошлар, кўзингизни очинг, нималар бўлаяпти, бир ўйланг!

Эсланг, 2017 йил 8 октябрь. Россиянинг Владимир областида икки қозоғистонлик бошқараётган ва ичида 58 ўзбек кетаётган автобус темир йўл устида тўхтаб қолди ва 17 киши, икки ёш бола ҳалок бўлди.

Жароҳатланганлар ва ҳалок бўлганларни Ўзбекистондан юборилган махсус самолёт Ўзбекистонга олиб кетди.

Ундан олдироқ бўлган фожиани ҳам эсланг, 2017 йил 22 июнь. Қозоғистоннинг ўша Ақтўбе областида, ўша Самара–Чимкент трассасида Волгограддан келаётган, 52 ўзбек минган автобус ағдарилган ва 9 киши ҳалок бўлган эди. Ўлганлар — ўзбекистонликлар.

Нега узоқ сафарга чиққан автобусда бунча одам кўп, ҳар гал 57-58 киши? Улар қандай автобуски, неча кунлаб давом этадиган сафарга шунча одамни олиб чиқади?

Зўр автобуслар бўлса, темир йўл устида тўхтаб қолармиди? Зўр автобуслар бўлса, 54 ўзбекдан иккиси қочиб чиқиб, қолганлар ёниб кетармиди?

Ё бизнинг ўзбеклар темир йўлда тўхтаб қолган автобусдан поезд келгунча тушиб қоча олмайдиган ёки ёна бошлаган автобус ойнасини синдириб, ўзини ўлимдан олиб қоча олмайдиган даражадами?

Мен шунча одам ёниб кетгунча камида 5–10 киши автобусдан ўзини ташлаб қочмаслигига ишонмайман. Бу ерда бошқа гап бор, шекилли. Ё автобус портлатилган, ё ҳамма эшик ва ойналар очилмайдиган қилиб маҳкамлаб, кейин олов қўйилган!

Майли, бу бошқа масала. Бош вазир бошчилигида комиссия кетган, текширишар, бир хулосага келишар.

Эндиги мурожаатим «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси раҳбарига!

Кеча ёниб кетган 52 кишининг ўлимида Сизнинг ҳам айбингиз бор!

Нега?

Чунки Ўзбекистондан самолётларда учиш дунёнинг ҳеч бир мамлакатида Сиз белгилайдиган нархларчалик қиммат эмас!

Москвадан Истанбулга одамлар 50 доллар билан учишади. Ўғилларим 60 долларга Москвадан Истанбулга бориб келишга чипта олишади. Қизим Америкадан Москвага ва Москвадан Истанбулга 300 доллар билан келди. Истанбулдан Самарқандга эса Сизнинг самолётингизга 380 долларга чипта олди.

Ҳурматли жаноб! Нью-Йорк қаерда-ю, Москва қаерда-ю, Истанбул қаерда? Шунча жойга 300 доллар билан келган қизим Сизнинг самолётингизга Истанбулдан Самарқандга 380 доллар тўлади.

Шу бугун бир танишимга Самарқанд–Истанбул–Самарқанд йўналишига чипта олдим — 4.500.000 сўм! (560 доллар). Самарқанддан ё Тошкентдан Москвага учиш чиптаси-чи? 250–300 доллар!

Мана, нима учун одамлар чет элларга ўз ватанимиздан кам учишади, кўзи очиқ одамлар Москвага, Киевга, Чимкентга, ҳеч бўлмаганда Олмаотага бориб, ўша ердан учади.

Муҳтарам жаноб! Сизнинг самолётингиз авиакеросинда учса, бошқаларники авиаметан газда учадими? Ёки улар Сиз ўқиган мактабда ўқишмаганми? Улар ўз фойдасини билмайдиган каллаварамларми?

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси раҳбари! Билмасангиз айтиб қўяй: Ўзбекистон фуқаролари Олмаотага бориб, қозоқларнинг самолётида Сиз белгилаган нархнинг ярим пулига бошқа давлатларга учиб кетмоқда. Билмадим, бундан ким ютиб, ким ютқазаяпти?

Балки арзон, лекин кўп чипта сотаётган Қозоғистон авиакомпаниялари фойда қилаётгандир, балки қимматдан қиммат чипта сотиб, Сиз фойда қилаётгандирсиз? Аммо халқ ютқизаётгани аниқ, у сизнинг қиммат самолётингизга чипта ололмагани учун Қозоғистоннинг автобусида ёниб кетаяпти.

Сиз ҳам ютқазаяпсиз, тирик ватандошларингиз учун қиммат қилиб қўйган самолётингизни уларнинг ўлигини олиб келиш учун БЕПУЛ юбораяпсиз!

Кейинги мурожаатим фожиа сабабини ўрганувчи Ҳукумат комиссиясига!

Нега ҳар гал фожиада фуқароларимиз ўлиб, ёниб кетиб, маҳаллий ҳайдовчилар тирик қолаётганининг сабабини билиб келинг ва буни, яъни авариядан ҳам, оловдан ҳам тирик чиқишнинг сирини бизникиларга ҳам ўргатинг! Чунки, барибир, ўзбеклар яна ва яна автобусда Россияга бораверади. Борма десангиз, баттарроқ қилади, бизнинг халқимиз шунақа. Ахир ўша шопирлар Ўлмас Кошчейлар ёки Самандар қушлари эмас-ку?! Бунинг бир сири бўлиши керак!

Муҳтарам Ҳукумат комиссияси аъзолари! Нега ўзбеклар Ўзбекистонда, ўз ватанларида, ўз она шаҳарларида самолётгинага ўтириб, Россияга учишнинг ўрнига Қозоғистонга бориб, шалтоқ автобусларда Россияга кетишаяпти? Шунинг ҳам асл сабабини ўрганинг! Нега улар 50–55тадан бўлиб, автобусларда йўлга чиқишаяпти? Бунинг ҳам сабабини ўрганинг!

Кейинги мурожаатим Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга!

Фожиада Сизнинг фуқароларингиз ҳалок бўлишди. Сизга ҳам бу нарса оғир. Сизга  ҳаммамиз ҳамдардмиз.

Тепада ҳам айтдим, шу юртни, шу элни деб тинмаётганингизни эл кўриб турибди. Сиз амалга ошираётган эзгу ишларда ёнингизда турсам, озгина мадад бўлсам дейман.

Аммо «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси самолёт чипталарига белгилаган нархларни Сиз кўриб чиқмасангиз, сиз уларни «турткиламасангиз» икки дунёда улар халқни ўйлаб, чипталарини арзон қилмайди. Дунёдаги барча авиакомпаниялардаги нархларни қаранг, биздагидек қиммат нархларни бирор мамлакатда топа олмайсиз. Дунёнинг бошқа мамлакатлари қатори Ўзбекистондан учадиган самолёт чипталарининг нархлари ҳам арзон бўлганида одамларимиз шалтоқ автобусларга чиқмас эдилар, тириклай ёниб кетмас эдилар.

Сиз халқни деб кўп эзгу ишларни қилаяпсиз, Ўзбекистондан учадиган самолёт чипталарининг нархини ҳам ИНСОФ ҚОЛИПИГА солиб берсангиз, кўплаб юртдошларимизни автобусларда ҳалок бўлиб кетишларидан сақлаб қолган бўлардингиз.

Охирги мурожаатим ёниб кетган ўғлонларнинг оналарига!

Аслида, сизларга бирор нима дея олмайман. Аксариятингизнинг фарзандларингиз Москвада ишлаётган икки ўғлимнинг тенгдошлари экан. Уларнинг бирортасига бирор нима бўлишини, ҳатто касал бўлиб қолишларини мен кўтара олмайман!

Оналар! Сизларга тасалли ҳам бера олмайман. Эр йигитларидан айрилган оналарга қайси сўзим тасалли бўлиши мумкин?

Кечагина соғ-омон кузатган ўғилларингизнинг кўмирга айланган жасадини қучоқлашингизни ўйласам, кўзимдан ёшлар тўхтамаяпти.

Оналар! Онажонлар! Ўғлингиз менга бегона, аммо сизнинг дардингиз, фожиангиз менга бегона эмас! Бу хабарни эшитганимдан бери кўзимни юмсам, ёниб кетган синглим кўз олдимга келади. Унинг фарёдлари қулоғим остида жаранглайди. Димоғимга куйган гўшт, куйган одам гўштининг ҳиди келади!

Онажонлар! Йиллар ўтади, аммо бу фожиа эскирмайди! Йиллар кўнглингиздаги армонларни эскиртиролмайди! Сизлар ҳеч қачон бу кўргуликка кўника олмайсизлар!

Оналар! Сиз ўғилларингизнинг ўлимида айбдор бўлганларга кўп сўзларни айтасиз! Ўтинаман, уларни қарғаманг! Бугун сизнинг қарғишингиз тўхтовсиз ўтади!

Онажонлар! Осмон узоқ, ер қаттиқ! Кўнинг! Кўнамиз! Дуо қиламиз: Аллоҳ бу дунёда олов ичида жон берганларга дўзах оловини ҳаром қилсин! Ҳамммаларини жаннат боғчаларида ота-оналарини, жондан азиз болаларини кутиб ўтирадиган қилсин! Амин!

Ўзбегим! Жон, ўзбегим! Биз ким эдик, ким бўлдик?

Улуғ аждодларимиз билан фахрланишни боплаймиз! Аммо уларга муносиб ворис бўла олаяпмизми?

Дўппини олиб қўйиб, яхшилаб бир ўйланг: биз киммиз ўзи?

Қайси автобусда одам ўлса, бизмизми ўша?!

Қайси автобусда одам ёнса, бизмизми ўша?!

Биз қозоқларнинг автобусида ёниб кетишга муносиб эмасмиз!
Тўра Мурод.

Изоҳ билдириш