29947

ДТМ кимлар тестдан озод қилинишини маълум қилди

Ўзбекистон 22 январь 9:03 1 019
Фото: Facebook

Давлат тест марказининг Чет тилларини билиш ва эгаллаш даражасини баҳолаш бошқармаси томонидан берилган давлат намунасидаги малака сертификатига эга бўлган таълим муассасалари педагоглари, абитуриентлари ҳамда ўқувчиларига бир қатор имтиёзлар белгиланган.

Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан 2018 йил 1 январдан бошлаб малака сертификатига эга бўлган талабгорларга сертификат олгандан бошлаб 3 йилгача амалда бўладиган қуйидаги имтиёзларни бериш тартиби жорий этилади.

1.Чет тилини билиш даражаси тўғрисида давлат намунасидаги А2 ва ундан юқори даражадаги малака сертификатига эга бўлган умумий ўрта таълим муассасалари битирувчилари ўрта махсус касб-ҳунар таълим муассасаларига ўқишга киришда саралаш тест синовлари рўйхатига киритилган чет тили (инглиз, немис, франсуз) фани бўйича тест синовидан озод этилади ва уларга чет тили фанидан максимал балл берилади.

2.Чет тилини билиш даражаси тўғрисида давлат намунасидаги Б1 ва ундан юқори даражадаги малака сертификатига эга бўлган абитуриентлар олий таълим муассасаларига бакалавриат йўналишларига ўқишга киришда тест синовлари мажмуасига киритилган чет тили (инглиз, немис, франсуз) фани бўйича тест синовидан озод этилади ва уларга чет тили фанидан максимал балл берилади.

3.Чет тилини билиш даражаси тўғрисида давлат намунасидаги Б2 ва ундан юқори даражадаги малака сертификатига эга бўлган абитуриентлар олий таълим муассасаларининг магистратурасига киришда тест синовлари мажмуасига киритган чет тили (инглиз, немис, франсуз) фани бўйича тест синовидан озод этилади ва уларга чет тили фанидан максимал балл берилади.

4.Чет тилини билиш даражаси тўғрисида давлат намунасидаги Б2 ва ундан юқори даражадаги малака сертификатига эга бўлган умумий ўрта, ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари педагоглари аттестация жараёнида малака синови учун белгиланган максимал балл билан баҳоланади ва тест синовларидан озод этилади.

Айни дамда чет тилини эгаллаш ва билиш даражасини баҳолаш учун жойларда талабгорлар сонидан келиб чиққан ҳолда гуруҳларни ташкиллаштириш, вилоятларда тест синовларини ташкил қилиш, топшириқ шакллари ва тест синовларини ўтказиш билан боғлиқ бўлган бошқа ташкилий масалаларга доир муҳокама жараёни кетмоқда.

Чет тилини билиш ва эгаллаш даражасини баҳолаш малака сертификатини олишга доир маълумотлар билан Давлат тест марказининг расмий веб сайти www.dtm.uz ва Чет тилларини билиш ва эгаллаш даражасини баҳолаш бошқармаси расмий веб сайти www.nsfla.uz орқали тўлиқ танишиб боришингиз мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 августдаги «Таълим муассасаларида чет тилларини ўқитишнинг сифатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан чет тилларини ўқитиш тизими, чет тилини билиш даражасини баҳолаш миллий тизимини такомиллаштириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар кўзда тутилган.

Изоҳ билдириш