38876

Диний идорада Рамазон ойига тайёргарлик йиғилиши бўлиб ўтди

Ўзбекистон 16 май 9:43 339
Фото: religions.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идорасида “Рамазон ойини юқори савияда ўтказиш муносабати билан амалга ошириладиган тадбирлар юзасидан” матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходимлари, уламолар, имом-хатиблар, мударрислар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур масжид-мадрасаларда Рамазон ойига катта тайёргарлик ишлари олиб борилаётгани, хатми-Қуръон тадбирларини файзли ўтказиш ва мўмин-мусулмонларга қулай шарт-шароитлар ташкил этиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилганини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан юртимиздаги Рамазон шукуҳини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш, имом-домлаларни яна фаол бўлишлари, муборак ойда ўтказиладиган тадбирларни тартибли, ихчам тарзда ўтказиш борасидаги муҳим маълумотларни таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, Рамазон ойини хайрли ва барокатли ўтказиш учун ҳукуматимиз томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда. Сўнги йилларда диний соҳада амалга оширилаётган ислоҳатлар, эришилаётган ютуқлар, хайрли ишлар қаторида Рамазон ойини байрамона кайфиятда ўтказишга қаратилган ишларни алоҳида қайд этиш лозим. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Рамазон ойи ва ҳайит байрамларини юқори савияда ўтказиш муносабати билан амалга ошириладиган тадбирлар режасини белгилаб олди.

Келишув режасига мувофиқ Республикада фаолият юритаётган барча масжидларда кенг қамровли ободонлаштириш ишларини ташкил этиш, электр жиҳозлари, овоз кучайтиргичларни узлуксиз соз ҳолатда ишлашини таъминлаш, шунингдек, Оммавий ахборот воситаларида Рамазон ойига бағишланган махсус кўрсатув ва эшиттиришларни эфирга узатиш каби қатор вазифа ва тадбирларни амалга ошириш белгиланган.

Йиғилишда Рамазон ойини янада файзли ўтказиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди ва оммавий ахборот воситалари томонидан берилган саволларга батафсил жавоблар берилди.

Изоҳ билдириш