35822

ДХХ ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланди

Долзарб | Ўзбекистон 11 апрель 15:16 3 449

Ўзбекистон президенти Давлат хавфсизлик хизмати ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиловчи янги қонунни имзолади.

ДХХни фаолияти асосларини белгилашга қаратилган янги қонун ушбу тизим фаолиятини тубдан ўзгартиришга қаратилган. ДХХ доимий назорат ва кузатув остида бўлади

Хусусан, бундан буён нафақат ДХХ раисини, балким биринг ўринбосарларини ҳам шахсан президент тайинлайди. Олдин ДХХ раҳбари ўз муовинларини ўзи танлаш ҳуқуқига эга эди. Янги тартиб, албатта, тизим устидан назоратни кучайтиради.

Иккинчидан ДХХ таркибида янги тизим – Коллегия пайдо бўлди. Коллегия давлат хавфсизлигини таъминлаш ҳолатини, қонун нормаларининг бажарилишини, кадрлар тайинлаш ва бошқа масалаларни кўриб чиқади. Унинг таркибига ДХХ президенти унинг ўринбосарлари, марказий аппарат ва маҳаллий бўлимлар  бошлиқлари кириши мумкин. Коллегиянинг шахсий таркиби ҳам президент томонидан тасдиқланади.

Шунингдек, Давлат хавфсизлик хизмати таркибига кирувчи чегара қўшинлари тизимида эса – Ҳарбий кенгаш пайдо бўлади. Унинг таркиби ва фаолияти доирасини ДХХ раиси белгилайди.

Учинчидан, махсус хизмат нафақат президентга бўйсуниши, балким Парламент юқори палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари Кенгашига ўз фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича доимий равишда ҳисоботлар бериб бориши керак бўлади.

Тўртинчидан, ДХХ таркибида унинг фаолиятини “тийиб” турувчи Жамоат кенгаши  пайдо бўлади. Жамоат кенгашининг ваколатлари ва таркибини президент белгилайди.

Бешинчидан, Давлат хавфсизлик хизмати фаолиятига оид қонун нормаларининг бажарилиши Бош прокурор ва унинг ёрдамчилари томонидан назорат қилиб борилади.

Шундай қилиб, ДХХнинг ҳар бир бошқарувчи лавозимига амалга оширилаётган тайинловлар президент томонидан назорат қилиб борилади. Шунингдек, президент Жамоат кенгаши ва Коллегия орқали ДХХнинг ўрта ва паст бўғинларидаги кайфиятларни кузатиб боради.

Ўз навбатида Бош прокуратура ҳам, қонунбузарликка йўл қўймаслик учун, ДХХ ортидан кузатиб туради.

ДХХ ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Янги қонун ДХХ ходимларининг  ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳам тартибга солади. Хусусан, ДХХ ходимлари, олдингидек, техник ускуналар ёрдамида мансабдор шахс ва фуқаролар ҳужжатларини текшириш, уларнинг юк ва буюмларида, транспорт воситаларида тинтув ўтказиш  ҳуқуқига эга бўлишади.

Ундан ташқари ходимлар жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган ҳудудларга кириши ва у ерни кўздан кечиришлари мумкин. Бунинг учун улар у ерда бирор жиноят содир бўлаётгани, ҳуқуқни сақлаш органларидан қочиб юрган шахс ёки инсон ҳаётини қутқариш кераклиги ҳақида маълумотга эга бўлишлари керак.

Бу борада асосий ўзгариш қуйидагилар бўлади: ДХХ ходимлари 24 соат ичида Прокуратура органларини жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган ҳудудларга уларнинг эгалари бўлмаган вақтда ёки эгаларининг розилигисиз кирганликлари ҳақида хабардор қилишлари керак. Шунингдек, улар қонунда белгиланган тартибда, етказилган зарарни ҳам қоплашлари керак бўлади.

ДХХ органлари фуқаролар розилиги билан уларни ҳамкорликк ёллаши мумкин ва ўз хохиши билан ёрдам берганларни мукофотлаш ҳуқуқига ҳам эга.

Қонунда илк бор, қандай ҳолларда жисмоний куч ва қурол ишлатиш мумкинлиги аниқ белгиланди. Ҳар қандай куч ёки ўқотар қурол ишлатилишидан олдин – огоҳлантириш шарт бўлади. Ушбу ҳаракатлар натижасида яраланган фуқароларга тезкор тиббий ёрдам кўрсатилиши керак бўлади.

Ҳар қандай жисмоний куч, қурол ёки махсус мосламалар ишлатилгани ҳақида хизматчилар ўз бошлиқларига ҳисобот беришлари шарт. Бошлиқлар эса, зарар етказилган ҳолларда, прокурорга хабар беришлари шарт.

ДХХ ходимлари томонидан ҳомиладор аёллар, вояга етмаган болалар, ногиронларга  нисбатан жисмоний куч ёки махсус воситалар қўллаш таъқиқиланган. Инсон ҳаёти учун хавфли бўлган қуролли қаршилик кўрсатиш ҳоллари бундан мустасно.

Янги қонунда жисмоний шахсларга нисбатан махсус воситалардан фойдаланиш тартиби ҳам белгиланган. Хусусан, резина таёқ билан инсон бошига, бўйнига, қорнига, жинсий органларига, юрак атрофига зарба бериш таъқиқланган.  Инсон ҳаёти учун хавфли бўлган қуролли қаршилик кўрсатиш ҳоллари бундан мустасно.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йил давомида собиқ МХХ фаолиятини кескин танқид қилган эди. Президент  фикрга кўра, хавсизлик тизими ходимлари иш фаолиятини рўкач қилиб, ўз манфаатлари йўлида ишлаган, халқ ва ватан манфаатлари ҳисобга олинмаган. Январ охирида собиқ МХХга 23 йил раислдик қилган Рустам Иноятов вазифасидан озод қилиниб, унинг ўрнига собиқ бош прокурор Ихтиёр Абдуллаевни тайинлаган эди. Шундан сўнг Ўзбекистон хавфсизлик тизимида жиддий ислоҳотлар амалга оширила бошлади.

Изоҳ билдириш