37301

Депутатга беписандлик халққа беписандлик!

Ўзбекистон 27 апрель 11:06 473

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Жиззах вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳи ташаббуси билан “Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда такомиллаштириш жараёнида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамкорлигини таъминлашнинг замонавий усул ва воситалари” мавзусида ўқув семинар ташкил этилди.

-Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда “Депутатга беписандлик – халққа беписандлик деб баҳоланиши шарт. Халқни ҳурмат қилмаган, депутатлик ваколатини амалга оширишга тўсқинлик қилган ҳар қандай мансабдор шахс қонун олдида жавоб беради” – дея таъкидлаган эдилар, – дейди халқ депутатлари Зафаробод туман кенгаши депутати Шавкат Абдуалимов. – Депутат бу халқ сайлаб қўйган вакил сифатида фуқароларни қийнаётган муаммоларни ижобий ҳал қилиш мақсадида ташкилот ва муассаса раҳбарларига ёзма равишда мурожаат қилади.

Аммо, минг афсуски ҳанузгача айрим мансабдор шахслар томонидан депутатлик сўровларига беписандлик билан қараб келинмоқда. Бугунги семинарда ҳам шу каби муаммоларни ижобий ҳал қилишга доир бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Ўқув семинарида қонун лойиҳаларни ишлаб чиқишда “Марказ – вилоят – туман” кесимида қонунчилик лойиҳаларни ишлаб чиқишнинг замонавий усул ва воситалари муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, бу тизим орқали юқоридан пастга тушиб, ҳам депутатларни, ҳам турли аҳоли қатламларини Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар фаолияти, қонун ижодкорлиги, қабул қилинаётган янги қонун ҳужжатлари ҳақида хабардор қилиб борилади.

Шу тариқа Олий Мажлис иш услубини вилоят кенгашларига, вилоят кенгашлари иш услубини эса туман ва шаҳар кенгашларига ўргатиш имконияти пайдо бўлади. Семинарда қонун ижодкорлиги соҳасида маҳаллий Кенгаш депутатларининг ташаббускорлик салоҳиятини ошириш масалаларига асосий эътибор қаратилди.

Шунингдек, янги қабул қилинган қонунлар, Президент фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳияти тўғрисида йиғилганларга атрофлича маълумотлар берилди.

Улуғбек Мустафаев

Изоҳ билдириш