37356

Даврон Кабулов: Ж. Ортиқхўжаев кўпроқ БОСС эмас – ЛИДЕР

Ўзбекистон 27 апрель 15:58 2 341
Фото: «President.uz»

2018 йил 26 апрель куни 15:00да Тошкент шаҳар ҳокимлигида бош вазир иштирокида навбатдан ташқари 35-сессияда, Тошкент шаҳар ҳокими лавозимига Артикходжаев Жахонгир Абидовичнинг номзоди кўрсатилди. Депутатлар ушбу номзодни бир овозда тасдиқлашди. Артикходжаев Жахонгир Абидович Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчиси этиб тайинлангани ҳақида хабар берган эдик.

Таниқли телебошловчи, журналист ва Миллион жамоасининг раҳбари Даврон Кабулов ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифаси орқали Тошкент шаҳрининг янги ҳокими ҳақида ўзи билган маълумотлар билан бўлишди.

Тошкент шаҳри аҳолисини янги ҳоким билан табриклайман. 11 туманда яшовчи ҳар бир фуқаро амин бўлсин-ки, насиб этиши мумкин бўлган энг яхши номзодни қўлга киритдик. Маддоҳлик қилиш истагидан йироқман, бор-йўғи Жаҳонгир Ортиқхўжаевни шахсан таниган, амалга оширган лойиҳаларига гувоҳ бўлган одам сифатида энг лўнда характеристикани бермоқчиман: борган жойини гуллатадиган инсон. Кечаси ухламаслиги мумкин, меҳрибон раҳбардан бир сония ичида қаттиққўл етакчига айланиши мумкин, самарали усуллар билан бирга, кичик масофада кўзланган фойдани бермайдиган экспериментларга қўл уриши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас – аммо бошлаган ишида алал оқибат албатта НАТИЖА бўлади.

Экспериментлар бошқа масала: фақат ишламасдан ўтирган одамгина «хато килмадим» деб мақтана олишини 5-синф боласиям билади бугун.

Айтганча, Ж. Ортиқхўжаев кўпроқ БОСС эмас – ЛИДЕР. Ходимлари ундан қўрқишмайди, уни уялтириб қўйишдан қўрқишади. Шунчаки ҲУРМАТ қилишмайди, ЯХШИ кўришади. Фарқни сезяпсизми? Пойтахтда туғилиб ўсган йигит сифатида жудаям хоҳлардим, бир неча йиллар ўтиб фақат Artel, Imzo, Zo’rTV, MediaPark ёки Atlas ишчиларида эмас, балки Тошкентда истиқомат қиладиган ҳар бир одамда она шаҳрининг мэри ҳақида шундай фикр бўлишини…

Тошкентнинг гуллаб-яшнаши, дунёнинг энг гўзал ва кўркам шаҳарлари рўйхатига қайтиши, иқтисодидан тортиб экологиясигача яхшиланиши, аҳолининг хотиржам, мамнун ва рози яшаши йўлида амалга оширадиган ҳар бир ишингизда хайрихоҳмиз!

Шу ўринда охирги етти йил мобайнида пойтахт фаровонлиги учун ҳаракат қилган Раҳмонбек Усмоновга қилган меҳнати, нафи тегаётган лойиҳалари учун миннатдорлик изҳор этган ҳолда, кейинги фаолиятида омад ва зафарлар тилаб қоламан, – дейилади хабарда.

Изоҳ билдириш