27313

Давлат тест маркази: Синовлар ўн беш кун ўтказилади, жавоблар бир кунда чиқади

Долзарб | Ўзбекистон 24 декабрь 21:28 1 218

Бугунги кунда таълим соҳасини ривожлантириш, рақобатбардош, юксак маънавиятли, салоҳиятли ва билимдон мутахассисларни тайёрлаш долзарб вазифалардан биридир. Шу боис олий ўқув юрти муассасаларига қабул жараёнини ҳаққоний, шаффоф, адолатли ўтказиш ҳамда юксак билимга эга, пухта тайёргарлик кўрган ўқувчиларни саралаб олиш мақсадида, хусусан, тест синовлари тартиби тубдан янгиланиб бормоқда.

Маълумки, олий таълим муассасаларига ҳужжат топширадиган абитуриентлар сони йил сайин ошаяпти. Шундай бўлгач, эҳтиёжга мос равишда бинолар ва аудиториялар, жалб этиладиган назоратчилар миқдори ҳам кўпайиши, табиий.
Абитуриентларни тест синови топшириш тили ва таълим йўналиши кесимида жойлаштириб чиқиш учун бинолар ва аудиторияларни тайёрлаш, жараённинг адолатли ўтказилиши учун назоратчи сифатида жалб қилинаётган кўп сонли педагог ходимлар билан ишлашни ташкил этишга жуда катта куч ва вақт сарфланади. Тест синовларини ўтказиш бир кунда белгиланганлиги ўз вақтида сифатли тайёргарлик кўриш ва камчиликларсиз ўтказиш ишларини янада қийинлаштириб юборади. Натижаларнинг 15 — 17 кундан кейин эълон қилиниши, Давлат тест марказидаги мавжуд техник жиҳозларнинг ҳам маънан, ҳам техник жиҳатдан эскирганлиги ҳамда замонавий технология ва тезкорлик талабларига жавоб бермай қўйганлигини ҳисобга олсак, қандай камчиликлар юзага келганини тасаввур қилиш қийин эмас.

Поёнига етаётган йил мисолида кўрганимизда, 729 минг нафардан зиёд абитуриентлар олий таълим муассасаларида ўқиш истагини билдирди, тест синовларини ўтказиш учун 1080 тадан кўп бинолар ва 22 мингдан ортиқ аудиториялар керак бўлди. Тошкент шаҳрида жойлашган олий таълим муассасалари учун талаб даражасидаги биноларни топиш, тайёрлаш ишлари осон эмас. Энди мулоҳаза қилиб кўрайлик: пойтахтдаки вазият шундай экан, вилоятларда ишлар қандай кечади? Биргина Сурхондарё вилоятида 36 мингдан зиёд абитуриентларни жойлаштириш учун Термиз шаҳридаги барча мактаб, коллеж, академик лицейлар бинолари ва талабга жавоб берадиган бошқа бинолар қамраб олинди. Лекин уларнинг қуввати етарли бўлмаганлигидан бир нечта туманлардан қўшимча бинолар топишга тўғри келди.

Бинолар, аудиториялар сонининг бунчалик ортиши, абитуриентларни узоқда жойлашган биноларга етиб боришини таъминлаш назорат ишларини тўлиқ ва талаб даражасида амалга оширишга имкон бермайди. Булардан ташқари, тест материалларини сифатли, хатосиз тайёрлаш, жойларга ўз вақтида етказиш, синовлар белгиланган регламент асосида ўтказилгандан кейин Давлат тест марказига олиб келиш ишлари — жуда мураккаб жараён. Шундай экан, абитуриентлар ва ота-оналарнинг эътироз билдиришлари табиий.

Президентимизнинг 2017 йил 16 ноябрдаги “Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори эса айнан мана шу сингари қийинчиликлар, камчиликларни бартараф этиш, шу билан бирга, тест синовларини ўтказишда адолатлиликни, шаффофликни таъминлашга қаратилгани билан ўта муҳимдир. Шу тариқа эндиликда олий таълим муассасаларига фақат билимли, иқтидорли ва муносиб ёшларни қабул қилиш учун замин яратилди. Қарорда белгиланганидек, тест синовларининг 15 кун давомида ўтказилиши юзага келадиган сансалорлик, ўзибўларчилик, сифатсиз тайёргарлик кўришга барҳам беради.

Бундан буён мазкур қарор талабларига мувофиқ, тест синовлари 1 августдан 15 августга қадар ўтказилади. Бу тест синовларига сифатли ва муддатида тайёргарлик кўриш доирасида жиддий иш олиб бориш учун катта имконият яратади, аввалги босимдан халос қилади. Шунингдек, кириш тест синовлари натижалари тест синови ўтказилган куннинг эртасигаёқ Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади. Бу ҳам жамоатчилик орасида салбий нуқтаи назарларнинг юзага келишига, ҳар хил эътирозларга ҳожат қолдирмайди.

Тест синовлари Тошкент шаҳрида “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазмалар мажмуаси павильонларида, унга ёндош қўшимча йиғма павильонларда, катта сиғимдаги биноларда, вилоятларда Олимпия захиралари коллежлари ёки бошқа ташкилотларга тегишли сиғими катта биноларда ўтказилади. Ушбу тартиб абитуриентларнинг тест синови ўтказиладиган ўта тарқоқ жойлашган биноларни топиб бориши, узоқ кутиши, аудиторияларда назоратнинг издан чиқиши ва турли қонунбузарликлар содир этилиши каби ҳолатларга барҳам беради.

Янги ўқув йилидан бошлаб алоҳида иқтидор талаб этиладиган маданият, санъат, дизайн, тасвирий ва амалий санъат, мусиқий таълим, санъатшунослик, спорт ва жисмоний тарбия соҳасидаги таълим йўналишларида тест синовлари бўлмайди. Масалан, бундан буён Ўзбекистон давлат консерваторияси, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти ва алоҳида иқтидор талаб этадиган таълим йўналишларига фақат ижодий имтиҳонлар орқали қабул қилиш йўлга қўйилади.

Тест синови ўтказиладиган биноларга абитуриентларни шахсни идентификациялаш воситалари, видеофиксация қурилмалари, металлодетекторлар орқали киритилиши, жараённи ёритиш учун мониторлар ўрнатилиши белгиланди. Шунингдек, абитуриентларнинг ота-оналари учун тест синовларини видеокузатув орқали онлайн режимида кузатиб бориш имкониятлари яратилади. Буларнинг барчаси тест синовларини шаффоф ҳолда ўтказиш, адолатлилик, ошкораликни таъминлашнинг муҳим таркибий қисми бўлиб, абитуриентлар, ота-оналар, умуман, жамоатчилик хоҳиши, талабининг рўёбга чиққанлигини англатади.

Бундай муҳим ўзгариш ва янгиликлардан Давлат тест марказининг ўзи ҳам четда қолмайди. Аввало, марказ ходимларининг сони 150 нафар бўлган янгиланган тузилма қабул қилинганлигини алоҳида таъкидлаш керак. Бундан буёғига аввалги йиллардаги каби минглаб бино, қават ва аудитория назоратчиларини жалб қилишга эҳтиёж қолмайди, эндиликда сони сезиларли даражада кам, лекин етарли миқдорда назоратчилар иштирок этади. Шунингдек, тегишли вазирлик ва идоралар томонидан фан экспертлари рўйхатининг шакллантирилиши, улар билан Давлат тест марказида мавсум давомида махсус ёпиқ режимда ишлаш амалиётидан воз кечилади — улар учун штат ажратилади. Эндиликда фан экспертлари Давлат тест марказининг доимий ходимлари бўлади, олдинги йиллардагидек, уларни тест синовлари ўтиб бўлганидан кейин зарур пайтларда қидириб юрмаймиз, балки фан экспертлари ҳар қандай ҳолат ва вақтда тайёр турадилар.

Кейинги ўзгариш, бу — Давлат тест марказининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, хорижий давлатларнинг ўқув ва илмий муассасаларида Давлат тест маркази ходимларининг малакасини ошириш, рағбатлантириш билан боғлиқ Давлат тест маркази фаолиятини ривожлантириш жамғармаси ташкил қилинганлигидир. Бу ҳам жуда муҳим ўзгаришлардан бири бўлиб, авваллари яхши фаолият олиб бориш учун бунақа кенг имконият йўқ эди.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш керакки, айни пайтда Давлат тест маркази томонидан қарорда вазифа юклатилган вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан ҳамкорликда жуда катта ишлар амалга оширилмоқда. Биринчи навбатда, Тошкент шаҳрида ва вилоят марказларида кўп ўринга эга катта қувватли биноларни топиш, ўрганиш, дислокация ҳужжатларини тайёрлаш, қарордан келиб чиққан ҳолда, тест синовларини 15 кун мобайнида ўтказиш, натижаларни эртаси куни веб-сайтда эълон қилиш, тест синови иштирокчиларининг, хоҳ у ходим бўладими, хоҳ гуруҳ назоратчиси ёки абитуриентми, масъулияти ва жавобгарлиги бўйича аниқ механизмлар ишлаб чиқиш устида иш олиб борилмоқда. Қисқаси, олдимизга қўйилган вазифа ва топшириқларни ўз вақтида сифатли бажарсак, абитуриентларимиз учун янада кенг имкониятлар очилади, асоссиз тахминларга нуқта қўйилади.

Мажид КАРИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Давлат тест маркази директори.

Изоҳ билдириш