44407

Бухорода «эркак»га айланган «аёл»га суд ҳукми ўқилди

Ўзбекистон 11 июль 16:43 3 014
Фото: Спутник

Бухорода ўз қиёфасини “эркак”га ўзгартириб, қўшнисининг 10 миллион сўмдан ортиқроқ тилла тақинчоқ ва пулларини қўлга киритган аёлга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Бухоро вилоят ИИБ матбуот хизмати матбуот хизмати маълумотларига таянган ҳолда “Дарё” хабар бермоқда.

М.Адизова (исм-шарифлар ўзгартирилган) Шофиркон тумани “Калон” маҳалла фуқаролар йиғини “Калон” қишлоғида яшовчи қўшниси О.Ортиқовага “Рустам” исмли йигит уни яхши кўриб қолганлигини айтиб, сўнг телефон орқали унга ўзини “Рустам” деб таништириб, эркак овозида гапириб унинг ишончига кирган.

Бироз вақт ўтгач М.Адизова яна “Рустам” ролида “Менга пул керак. Пулинг бўлса бериб тургин, агар пулинг бўлмаса тилла тақинчоқларинг бўлса ҳам бергин, уларни гаровга қўйиб пул оламан, кейинчалик тақинчоқларингни қайтариб бераман” деб алдаган ҳамда О.Ортиқовадан жами баҳоси 8 000 000 сўм бўлган уч дона аёллар ва бир дона эркаклар тилла узукларини, бир жуфт аёллар тилла зираги ва бир дона аёллар тилла занжири ҳамда 2 600 000 сўм нақд пулларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритишга муваффақ бўлган.

“Рустам” нинг гапларига ишонган О.Ортиқова афсуски, ўзининг қўлида бўлган мол-мулкини унга бериб юборган.

“Ажабланарли жиҳати шундаки, М.Адизова ўзининг ташқи кўринишини усталик билан ўзгартириб, эркак қиёфасига кириб О.Ортиқова билан бир неча марта учрашган. Буни қарангки, икки ойдан ортиқроқ вақт мобайнида унинг бу қилмишларини О.Ортиқова ҳамда бошқалар мутлақо сезмаган”, — дейилади хабарда.

Судда М.Адизова ўзининг қилмишига тўла иқрорлик билдириб, ҳақиқатдан ташқи қиёфасини ўзгартириб, эркак кўринишида О.Ортиқова билан бир неча марта учрашганини ҳамда телефонда ҳам эркак овозида гапириб, О.Ортиқовадан пул сўраганини тан олиб, суддан қонуний енгиллик берилишини сўраган.

М.Адизова Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддасининг (фирибгарлик) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди.

М.Адизовага Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддасининг 1-қисми билан ойлик иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан 1 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Изоҳ билдириш