41865

Бу йилги тест синовларини ташкил этиш тартиби эълон қилинди

Ўзбекистон 13 июнь 13:00 486

Таълим соҳасига бағишланган онлайн мулоқот давом этмоқда.

Жуда кўплаб саволлар бу йил олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари қандай тартибда ташкил этилиши ҳақида бўляпти.

Қуйида бу йилги имтиҳонларни ташкил этиш жараёни ҳақида маълумот берамиз.

2018 йил 3 апрелда “Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Ҳукумат қарори қабул қилинган.

Қарорга кўра, бу йилдан абитуриентларнинг ўқишга қабул қилиш ҳақидаги аризаларни топшириш муддати ўзгарган. Ҳужжатлар 15 июндан 15 июлгача қабул қилинади. Илгари ҳужжатлар 20 июндан 20 июлгача қабул қилинар эди.

Эътиборли жиҳати, Тошкент давлат юридик университетга ҳужжатларни топшириш учун Тошкентга келиш шарт эмас.

ТДЮУ қабул комиссиясига ҳужжатларни тегишли туман (шаҳар)даги Давлат хизматлари марказларига (олдинги “ягона дарча марказлари”) топшириш мумкин.

Тест синовларига кириш учун рухсатнома (ДТМ) 29-31 июль кунлари қабул комиссияси томонидан берилади.

Тест синовларини ўтказиш муддатлари ўзгартирилди. Бу йил тест синовлари кундузги, махсус сиртқи ва кечки (сменали) таълим шакли учун 1 августдан 15 августгача бўлган муддатда кунига икки сменада ўтказилади. Биринчи смена соат 08:00 да, иккинчи смена соат 15:00 да бошланади.

Абитуриент тест синовлари ўтказиладиган куни бинога тегишли ҳудудга соат 07:00 (иккинчи смена соат 13:00) гача, бинога соат 07:30 (иккинчи смена соат 13:30) гача фақат абитуриент рухсатномаси ва паспорти билан шахсни идентификациялаш воситалари ҳамда видеофиксация қурилмалари орқали тартибли равишда киритилади.

Абитуриент тест синовлари бошланганидан сўнг бинога тегишли ҳудудга киритилмайди.

Тест синовлари Тошкент шаҳридаги катта биноларда, вилоят марказларида эса — олимпия захиралари коллежлари ёки бошқа ташкилотларнинг катта сиғимдаги биноларида ўтказилади.

Абитуриент Олий таълим муассасига ўқишга кирган ёки кира олмаганлигини тест синови ўтказилган куннинг эртасига Давлат тест марказининг расмий веб-сайти орқали билиб олиши мумкин бўлади.

Қарорда яна бир муҳим нарса белгиланган яъни тестга шпаргалка, телефон микрокалькулятор ва ҳ.к. олиб киришга уринган абитуриент ўша заҳоти тестдан четлатилади. Авваллари телефон олиб қолиниб, уни номерланган конвертга солиб, абитуриентни ўзи тестга киритиб юборилар эди. Эндиликда, олиб киришга уринишнинг ўзиёқ далолатнома тузиб, четлатишга сабаб бўлади.

Изоҳ билдириш

Сўнгги янгиликлар