48967

Бош вазирнинг собиқ ўринбосари Зойир Мирзаев туман ҳокимига айланди

Ўзбекистон 8 ноябрь 9:30 816

Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг собиқ ўринбосари Зойир Тоирович Мирзаев Жиззах вилояти, Шароф Рашидов тумани ҳокими лавозимига тайинланди. Бу маълумотни «Kun.uz» манбаси тасдиқлади.

У туман халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида жамоага таништирилган.

Шароф Рашидов туманига шу кунгача Сайфиддин Умарович Исмаилов раҳбарлик қилиб келаётганди. У 2016 йилнинг декабрида Жиззах вилояти ҳокимлигидан туман ҳокимлигига туширилганди (ўша вақтда Жиззах тумани).

Эслатиб ўтамиз, Зойир Мирзаев 29 октябрь куни президент фармони билан ғалла экиш ва суғориш ишларини ташкил этиш жараёнида жиддий камчиликларга йўл қўйгани боис Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари комплексининг раҳбари лавозимидан озод этилганди.

Ундан олдинроқ бош вазир ўринбосари Тошкент вилоятининг Оққўрғон ва Бекобод туманларида ҳокимлик мулозимлари ва фермерларни сувга тушишга ҳамда далада йирик кесакларни кўтариб расмга тушишга мажбурлагани маълум бўлганди.

Изоҳ билдириш