50895

Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, маслаҳатчилари давлат ташкилотларида раҳбарлик қила олмайди

Ўзбекистон 30 январь 11:23 789

Бош вазир, унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари томонидан хўжалик жамиятлари ва компаниялар, шунингдек, давлат улушига эга бўлган бошқа ташкилотлар фаолияти устидан бир вақтнинг ўзида раҳбарлик қилинишига йўл қўйилмайди. Бу Президентнинг 28 январдаги қарори билан белгиланди.

Бош вазирнинг ўринбосарларига қуйидаги вазифалар юклатилди:

– вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Олий Мажлис палаталарининг ҳужжатлари, парламент ва депутат сўровлари, Ўзбекистон Президенти ҳужжатлари ва топшириқлари бажарилиши мониторингини олиб бориш;

– жойларда ишларнинг реал ҳолатини мунтазам ўрганиш;

–иқтисодиётдаги ва ижтимоий соҳадаги муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилиш ҳамда шу асосда стратегик ва устувор вазифаларни амалга ошириш юзасидан комплекс таклифлар ишлаб чиқиш.

Бунда уларнинг вазирликлар, давлат қўмиталари, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди.

Бош вазир маслаҳатчилари:

– улар ваколатига киритилган тегишли йўналишлар ва масалалар бўйича Бош вазирга таклифларнинг пухта ишлаб чиқилишини, экспертизадан ўтказилишини ва тайёрланишини таъминлайди, шунингдек, ушбу масалалар учун шахсан жавобгар ҳисобланади;

– вазирлар, давлат қўмиталари раислари ва бошқа давлат бошқаруви органлари раҳбарлари Вазирлар Маҳкамасига киритилаётган таклифлар, таҳлилий ва бошқа ҳужжатларнинг, шу жумладан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли ва ҳар томонлама ишлаб чиқилиши, шунингдек, уларни амалга оширишнинг пировард натижалари ва оқибатлари учун шахсан жавобгар ҳисобланади.

Изоҳ билдириш