44644

Бош вазир Туробжон Жўраев йўл қўйган камчиликларни санади

Ўзбекистон 13 июль 23:14 2 181

13 июль куни халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари эллик учинчи сессияси бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси Ихтиёр Абдуллаев иштирок этди.

Zarnews.uz нашри хабар беришича, сессияда бош вазир вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларида мавжуд қатор муаммолар, йўл қўйилган камчиликларга тўхталди. Хусусан, вилоятда экспорт масаласида аҳвол ёмон эканлиги, айниқса, қурилиш ишларида ўзибўларчиликка йўл қўйилаётганлиги, порахўрлик ва бюрократизм авж олганлиги кескин танқид қилинди.

Таъкидланишича, президентнинг жорий йилнинг 17-18 март кунлари вилоятга ташрифи давомида белгиланган вазифаларни бажаришда сусткашликка йўл қўйилган. Натижада, вилоят иқтисодиётида, шу билан бирга аҳолининг ижтимоий ҳаётида юзага келаётган муаммоли вазиятлар ўзгаришсиз қолиб кетаверди.

Хусусан, жорий йилнинг 6 ойи якунларига кўра, 4та йирик саноат корхонасида ишлаб чиқариш ҳажми пасайиб кетганлиги оқибатида 288 миллиард сўмлик маҳсулот ҳажми йўқотилган. Табиийки, бу ҳолат ушбу корхоналарда ишчи ўрни қисқаришига олиб келади. Шунингдек, вилоятда саноат корхоналарини қўллаб-қувватлаш ишлари эътибордан четда қолмоқда. Жумладан, вилоятнинг республика саноатидаги улуши 2017 йилнинг биринчи ярим йиллигида 6,8 фоизни ташкил этган бўлса, 2018 йилнинг шу даврида 5,3 фоизни ташкил этиб, 1,5 фоизга камайиб кетган.

Жорий йилнинг 1 июль кунига қадар ишга туширилиши лозим бўлган 16та йирик саноат лойиҳалари амалга оширилмаган. Вилоят табиий минерал хомашё ресурсларига бой бўлиб, улардан самарали файдаланиш тўғри йўлга қўйилмаган. Мисол учун, Пахтачида каолин, гранит, гипс, Нарпайда цемент, керамзит, қум-шағал, керамика, Нурободда цемент, мармар, оҳак, гипс ва бўр, Иштихонда мармар ва керамика каби замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмаган. Мазкур шаҳар ва туманлар ҳокимлари ўтган олти ой давомида биронта ҳам тадбиркор билан учрашмаган, аксинча тадбиркорликни ривожлантиришга тўсиқ бўлган.

Энг ачинарлиси, вилоятда фаолият кўрсатмаётган саноат корхоналари ўтган йилга нисбатан 65тага кўпайиб, бугунги кунда 238тага етган. Вилоятда 6 ойликда экспорт прогнози атиги 62 фоизга таъминланган, холос.

Кичик бизнесни ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, қулай инвестиция муҳитини яратиш масалаларига умуман эътибор қаратилмаган. Бунинг оқибатида бугунги кунда вилоятда рўйхатдан ўтган 18 минг 856та кичик бизнес субъектларининг 3 минг 458таси ёки 18 фоизи фаолият кўрсатмаяпти. Бундан ташқари, рўйхатдан ўтказилган 805та тадбиркорлик субъектлари банкдан умуман ҳисоб рақам очмаган.

Инвестиция дастури доирасида 2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида умумий қиймати 356 миллиард сўмлик 446та лойиҳани амалга ошириш орқали 2 774та янги иш ўринлари ташкил этиш белгиланган. Бироқ 1 июль ҳолатига амалга ошиши лозим бўлган 58 миллиард сўмлик 44та лойиҳа ишга тушурилмагани оқибатида 324та янги иш ўринлари яратилмасдан қолган.

Жорий йилда ғаллачилик бўйича 153та фермер хўжалиги 2 250 тонналик шартнома мажбуриятини бажармаган. Шунингдек, 2018 йил ҳосили учун вилоят бўйича 2 490 тонна пилла тайёрлаш белгиланган бўлиб, амалда 390 тонна пилла топширилмаган.

Ёшлар билан ишлаш тўғри йўлга қўйилмагани оқибатида 2018 йилнинг ўтган даврида 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар томонидан жами 590та турли кўринишдаги жиноятлар содир этилган.

«Обод қишлоқ» дастурига асосан бу йил вилоятдаги 94 минг аҳоли яшаётган 29та, келгуси йил яна 119 минг аҳоли яшаётган 42та қишлоқ обод қишлоққа айлантирилиб, бу ерда яшаётган аҳоли учун зарур бўлган шароитлар яратилиши кўзда тутилган. Бироқ вилоятда «Обод қишлоқ» дастури ижросини таъминлаш ишлари суст бормоқда.

Сесссияда Бош вазир вилоятдаги яна бир қатор камчиликларни жиддий танқид қилиб, бунга вилоят ҳокимининг фаолиятидаги жиддий нуқсонлар сабаб эканлигини қайд этиб ўтди. Шунингдек, ишлаб чиқариш, аҳоли уй-жойлари, ижтимоий соҳа объектлари қуриш учун қилган мурожаатларини вилоятдаги соҳа раҳбарлари фақат манфаат эвазига ҳал қилиб берганига алоҳида тўхталди.

Самарқанд шаҳрининг тарихий қисмида ЮНЕСКОнинг талабларига зид равишда қурилиш ишлари олиб борилган ва бунга била туриб рухсат берилган. Айрим ҳолларда тарихий-маданий объектлар бузилишига сабаб бўлган. Хорижлик сайёҳлар Самарқандга янги биноларни эмас, асосан тарихий-маданий иншоотларни томоша қилиш мақсадида ташриф буюришини вилоят ҳокими, соҳага масъул бўлган шахслар инобатга олмаган.

Шундан кейин бош вазир Туробжон Жўраев Самарқанд вилояти ҳокими вазифасидан озод этилганини маълум қилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тавсиясига кўра, шу вақтгача Сурхондарё вилояти ҳокими бўлиб ишлаб келган Эркинжон Турдимов номзоди Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланган.

Эслатиб ўтамиз, Туробжон Жўраев пора билан қўлга тушгани, у Самарқанд вилоятида коррупцион тизимни йўлга қўйгани фош этилгани маълум қилинганди.

Изоҳ билдириш