46439

Бош вазир Абдулла Арипов шошилинч топшириқ берди

Долзарб | Ўзбекистон 25 август 12:00 15 210

Йиғилиш ва мажлислар кескин камайтирилади. Бош вазир Абдулла Арипов томонидан 24 август куни имзоланган шошилинч топшириққа биноан қуйидагилар белгиланди, деб ёзади ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Мажлисбозлик бўйича

Йиғилишларни кескин камайтириш ва график-режа асосида ҳафтасига 2-3 тадан кўп ўтказилишига йўл қўймаслик;

йиғилиш ўтказиш вақтини республика даражасида 2 соатдан, вилоят, шаҳар ва туманлар даражасида 1-1,5 соатдан оширмаслик;

куннинг ноқулай пайтларида (яъни тонг саҳарлаб ёки ярим кечада) йиғилишлар ўтказишни қатъиян чеклаш ҳамда йиғилишга бевосита алоқаси бўлмаган корхоналар, идоралар ва жамоат ташкилотларинйнг раҳбар ва ходимларини, фермер ва тадбиркорларни умуман таклиф этмаслик;

олис ҳудуддаги раҳбар ва ходимларни маҳаллий ҳокимликларда ўтказиладиган мажлисларга асоссиз ва беҳуда чақирмаслик, шунингдек, сўзга чиқувчилар учун аниқ вақт регламенти 5-7 дақиқадан ошмаслигини назорат қилиниши зарурлигини белгилаш;

йиғилишларга пухта тайёргарлик кўриш, республика ва вилоят даражасида ўтказиладиган йиғилишларни аксарият ҳолларда видео- ва аудиоселектор кўринишида ўтказиш, туман (шаҳар) даражасидаги йиғилишларни эса асосан жойларга чиққан ҳолда, корхона ва ташкилотлар, фермер хўжаликлари ва маҳаллаларда ўтказишни ташкил этиш топшириғи берилди.

Хизмат сафарлари бўйича

Республика марказий идораларидан турли комиссиялар ва ишчи гуруҳларнинг ҳудудларга юборилишига рухсат фақатгина Ҳукумат (комплекс) раҳбари томонидан тизим асосида амалга оширилиши жорий этилади ва хизмат сафарларининг натижадорлиги алоҳида назоратга олинади.

Ортиқча қоғозбозлик бўйича

Ортиқча қоғозбозликка кескин чек қўйиш, шу жумладан қуйи идоралардан ва маҳаллий ҳокимликлардан ҳеч кимга кераги бўлмаган маълумотлар ва ҳисоботларни талаб қилиш амалиётига қатъиян барҳам берилади.

Селекторлар бўйича

Вазирлар Махқамасида селектор йиғилишлари фақат Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг рухсати билан ташкил этилади.

Изоҳ билдириш