44654

Бош прокуратура йирик «коррупционер» фаолиятига чек қўйди (видео)

Ўзбекистон 13 июль 23:58 3 084

«Ўздонмаҳсулот» холдинги бошқарувининг собиқ раиси Сурат Ҳайдаров порахўрликда айбланиб ҳибсга олинди. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг «Фейсбук»даги саҳифасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар икки йирик коррупцион схемага чек қўйгани ҳақидаги лавҳада эълон қилинди.

Маълум қилинишича, «Ўздонмаҳсулот» компанияси раҳбари Суръат Ҳайдаров пора эвазига ўзига бириктирилган компаниядаги талон-торожликларга кўз юмган. Ҳайдаров мансабидан фойдаланган ҳолда холдинг тизимига ўз қариндошларини ишга жойлаган. Шу йўл билан у пора олиш тизимини яратиб олган. У вилоятларга чиқиб, дон маҳсулотлари нотўғри сақлангани учун пора олган. Бундай жиноятларда унга куёви Жамшид Шарипов фаол ёрдам бериб келган. 

Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари «Ўздонмаҳсулот» структур корхоналари раҳбарлари томонидан берилган пул мукофотларининг умумий суммасини аниқламоқда.

Компания расмий сайтида С.Ҳайдаров ҳалигача «Ўздонмаҳсулот» раҳбари сифатида турибди. Маълумотларга кўра, собиқ мулозим 1969 йили Самарқандда туғилган. Маълумоти — олий, 1994 йили Тошкент Давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. Фаолияти давомида Молия вазирлигининг Самарқанд вилоятидаги назорат-тафтиш бошқармаси бошлиғи, Республика Ҳисоб палатасининг инспектори, етакчи инспектори, «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг иқтисод ва молия бўйича ўринбосари каби вазифаларда ишлаган. 2017 йил 21 февралда «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси бошқарув раиси этиб тайинланган эди.

Изоҳ билдириш