33972

Битта вазирлик тизимида 146 нафар раҳбар жазоланди

Ўзбекистон 13 март 11:00 698

Жорий йилнинг 9 март куни Халқ таълими вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқларини самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек ижро интизоми мустаҳкамланиши учун барча даражалардаги раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш, умумий ўрта таълим мактаблари раҳбар ва ўқитувчиларининг иш вақти меъёрларини қайта кўриб чиқиш асосида ортиқча ҳисоботларни камайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, билимлар беллашуви ҳамда таълим сифати мониторинги жараёнларини ўтказишга тайёргарлик кўриш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақида вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Унда вазирлик раҳбарияти, бошқарма ва бўлим бошлиқлари, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармалари бошлиқлари, туман(шаҳар) халқ таълими бўлимлари мудирлари ҳамда ижро интизомига масъул ходимлар, таълим сифати бўлими инспектор-методистлари ва кадрлар бўйича мутахассислар ҳамда таълим муассасалари раҳбарлари иштирок этишди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Қонунлари, Президент ва Ҳукумат қарорлари ва ҳужжатларини бажарилиши бўйича ҳудудий халқ таълими бошқарув идораларида ижро интизоми ҳолати мониторинги натижалари, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар таҳлили, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда бартараф этиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар, бу борада раҳбар ва ходимларнинг шахсий жавобгарлиги масалалари муҳокама қилинди.

Вазирликка шу кунга қадар жами 399 та ҳужжат, шундан Ўзбекистон Республикасининг 2 та қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 41 та фармони, 125 та қарори, 13 та фармойиши ҳамда Ҳукуматнинг 218 та қарорлари ва фармойишлари келиб тушган бўлиб, ҳужжатлар ижроси бўйича вазирликнинг тегишли ҳужжатлари қабул қилинган ва ижрога йўналтирилган.

Ушбу ҳужжатлар ижроси бўйича вазирлик томонидан 53 та мақсадли ва комплекс ўрганишлар амалга оширилди. Ўрганиш натижалари 35 та мажлисларда муҳокама қилинди. Йиғилишларда тизимдаги 146 нафар раҳбарларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилиб, шундан 18 нафари лавозимидан озод этилди, 109 нафарига ҳайфсан эълон қилинди, 19 нафарига нисбатан ойлик иш ҳақига нисбатан жарима жазоси қўлланилди.

Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда энг кўп интизомий жазо чоралари Қашқадарё, Андижон, Фарғона ва Самарқанд вилоятларидаги раҳбарларга нисбатан қўлланилган.

Изоҳ билдириш