896

Академик лицейлар босқичма-босқич касб-ҳунар коллежларига айлантирилади

Ўзбекистон 15 март 21:33 464

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Бу хақида Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қарорга мувофиқ, моддий-техник ва ўқув-методик базаси замонавий талабларга жавоб бермайдиган 4 та академик лицей фаолияти тугатилади ҳамда олий таълим муассасаларидан узоқда жойлашган, таълим сифати ва битирувчиларининг институт ва университетларга ўқишга кириш кўрсаткичлари паст бўлган 54 та академик лицей босқичма-босқич касб-ҳунар коллежларига айлантирилади.

Ҳозирги пайтга келиб академик лицейлар сонини оптималлаштириш, улардаги таълим сифатини ошириш ва мазмунини янгилаш, уларни битириб чиқаётган ёшларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичларини тубдан яхшилаш бўйича қатор чора-тадбирларни амалга ошириш зарурати пайдо бўлмоқда дейилган қарорда.

Касб-ҳунар коллежларига айлантирилаётган академик лицейларнинг 2- ва 3-босқич ўқувчилари ўқишни тугатгач, яқин ҳудудда жойлашган, таълим йўналиши ўхшаш бўлган академик лицейларда якуний давлат аттестациясини топширади ва давлат намунасидаги академик лицей битирувчиси дипломини олади.

Шунингдек айни пайтда мамлакатда 1500 дан зиёдроқ ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари, жумладан 1411 та касб-ҳунар коллежи ва олий таълим муассасалари қошида 144 та академик лицей фаолият олиб бормоқда. Академик лицейларда аниқ, табиий, ижтимоий-гуманитар фанлар, хорижий тиллар ҳамда маданият ва санъат йўналишлари бўйича, янги педагогик ва информацион технологиялар асосида замонавий ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари билан жиҳозланган кабинетларда ёш авлодга пухта билим берилмоқда. Ушбу масканларни ҳар йили ўртача 35 минг нафар йигит-қиз битириб чиқмоқда.

Изоҳ билдириш