7503

«Ахборот», «Давр» ва «Пойтахт» информацион дастурлари ёпилади

Ўзбекистон 25 май 10:49 427

«Ўзбекистон» телеканалининг «Ахборот» ва «Таҳлилнома»,  «Тошкент» телеканалининг «Пойтахт», ҳамда «Ёшлар» телеканалининг «Давр» информацион дастурлари ёпилади. Бу ҳақида Миллий телерадиокомпания (МТРК)га асосланган ҳолда UZ24 нашри хабар берди.

Эндиликда, барча ахборот-таҳлилий дастурлар «Диёр» канали ва «Тошкент» радиоканали негизида ташкил этилган «Ўзбекистон 24» телеканали орқали эфирга узатилади. Янги каналнинг очилиш санаси ҳозирча маълум эмас.

«Ахборот», «Пойтахт» ва «Давр» «Ўзбекистон 24» телеканали ишга тушгунича эфирга чиқишда давом этади.

Миллий телерадиокомпания таркибида «Ўзбекистон 24» ахборот-таҳлилий телерадиоканалини ташкил этиш тўғрисидаги президент қарори май ойи аввалида имзоланганди.

Телеканал мамлакатдаги сиёсий, иқтисодий, маданий ва спорт соҳаларида юз бераётган ҳодисаларни тезкорлик билан ёритиб боради. Шунингдек, телеканал хорижда ҳам мухбирлик пунктларига эга бўлади.

Изоҳ билдириш