47689

Ақтўбе фожеаси: автобус ҳайдовчиси янги тафсилотларни ошкор этди

Ўзбекистон 18 сентябрь 9:43 1 162

Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида ёниб кетган автобус ҳайдовчиси 52 нафар Ўзбекистон фуқаросининг ҳалокати ҳақида янги тафсилотларни ошкор этди, деб ёзади «Nur.kz».

Маълум бўлишича, автобус ҳайдовчиларидан бири Барат Танатов бошдан-бош йўловчи сифатида автобусга чиққанини айтган. У Пернебековга рулда ёрдам берган. Танатовнинг ўзи Россияга автомобиль сотиб олиш мақсадида йўловчи сифатида отланган.

Унинг сўзларига кўра Танатовнинг ёнида пул бўлган. Лекин кейинчалик Пернебеков уни автобусни ҳайдашда ёрдамлашишга кўндирган, унга пул ваъда қилган. Танатов эса рози бўлиб, автобусни Чимкентдан Жангиқўрғонгача бошқариб борган.

Судланувчининг сўзларига кўра, Соляр мойи сифатсиз бўлиб чиққани сабабли автобус тўхтаган, йўловчилар эса музлашни бошлаган. Ҳайдовчилар салонда бензинли кавшарлаш лампасидан фойдаланиш хавфли эканлигини тушунган, аммо уни ўша куни ким ёққани номаълум. Ҳайдовчилар бунга алоқадорлигини рад этмоқда.

«Рўпарадан келаётган автобус ёнимизда тўхтади, унинг нимасидир ишдан чиққан экан. Мен ҳайдовчилар билан гаплашиш учун чиқдим, автобусимиздан аввал Қирғизбоев чиқди. Сўнгра яна бир киши, унинг шими ёнаётган эди. Мен иккинчи автобусдан ўт ўчиргични олдим, бироқ у ишламас экан, шунда мен у билан деразаларни уриб синдира бошладим, одамлар сакраши учун бақира бошладим. Қирғизбоев ҳам ёнимда деразаларни синдиришга уринарди, ичкаридагиларга сакраб чиқишни айтиб бақира бошладик. Қора тутун қамраган салондан одамларнинг бақир-чақирлари эшитиларди, аммо улардан ҳеч бири ташқарига сакраб чиқмади», — дея ёдга олди ўша машъум кун воқеаларини Барат Танатов.

Ҳайдовчининг айтишича, автобус қандайдир 10-15 дақиқа ичида тўлиқ куйиб кулга айланган.

Маълумот учун, Максат Пернебеков, Нуржон Қирғизбоев, Барат Танатов 2018 йилнинг 24 январида ҚР Жкнинг 345-моддаси 4-қисмида кўзда тутилган жиноятда айбланиб, қўлга олинган. Улар транспорт воситасини бошқариш қоидаларини бузганликда айбланишмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистоннинг Ақтўбе области Ирғиз районида йўловчи автобус 18 январь куни соат эрталабки 10:30 да ёниб кетган. Фавқулодда ҳолатлар бўйича қўмитанинг маълумотларига кўра, ёнаётган транспорт воситасидан 5 киши қутулиб чиққан, 52 киши воқеа жойида ҳалок бўлган.

Изоҳ билдириш