36098

2019 йил 1 январдан собиқ СССРнинг идоравий ҳужжатлари ўз кучини йўқотади

Ўзбекистон 16 апрель 11:51 40

2019 йил 1 январдан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 1993 йил 17 июнгача қабул қилинган ва Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтмаган умуммажбурий идоравий ҳужжатлар, шу жумладан собиқ СССРнинг идоравий ҳужжатлари ўз кучини йўқотади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Телеграм канали хабар берди.

Хабарга кўра, бу «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини тубдан такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарорида кўзда тутилган.

2018 йил 1 майдан бошлаб жорий этилган тартибга кўра, барча қонун ҳужжатлари лойиҳалари лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилотлар томонидан Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун жойлаштирилиши лозим.

Қонун ҳужжатларининг лойиҳалари Вазирлар Маҳкамасига, Президент девонига фақат ҳуқуқий экспертиза якуни бўйича уларни қабул қилишнинг мақсадга мувофиқлиги ҳақидаги Адлия вазирлигининг хулосаси мавжуд бўлгандагина киритилади.

Шунингдек, ҳуқуқий экспертиза якуни бўйича ҳудудий адлия органларининг ижобий хулосаси мавжудлиги ҳокимликлар томонидан қонун ҳужжатларини қабул қилишнинг мажбурий шарти ҳисобланади.

Бундан ташқари, қонун ҳужжатлари лойиҳалари Адлия вазирлиги томонидан ҳуқуқий экспертизадан улар манфаатдор ташкилотлар билан келишилганидан сўнг, шунингдек такроран — Вазирлар Маҳкамаси аппарати ва Президент девони таркибий тузилмаларида уларнинг концептуал қоидалари ўзгартирилганида ўтказилади.

Қонунда вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар агар қонун ҳужжатлари, президент фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ҳукумат қарорлари билан уларга тегишли ҳужжатни қабул қилиш ёки аниқ ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш бўйича ваколат берилган бўлса, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишлари мумкинлиги кўрсатилган.

Изоҳ билдириш

Сўнгги янгиликлар