31854

Ўзбекистонда илк бор жигар бўлагини кўчириб ўтказиш операцияси бажарилди

Тиббиёт 15 февраль 8:39 1 225

Ўтган йилдан буён академик Восит Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий жарроҳлик марказида яқин қариндошлар ўртасида буйрак кўчириб ўтказиш бўйича операциялар муваффақиятли бажариб келинмоқда. Куни кеча марказда Ўзбекистон тиббиёти тарихида биринчи марта беморга тирик донор қариндошдан жигар бўлагини кўчириб ўтказиш амалиёти бажарилди, деб хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

 

Операция Академик Восит Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий жарроҳлик маркази директори, академик Феруз Назиров ва Россиянинг академик Валерий Шумаков номли Трансплантология ва сунъий аъзолар Миллий тиббий тадқиқот маркази директори, академик Сергей Готье раҳбарлигида ўтди.

Узоқ йиллардан буён жигар циррози хасталигидан азият чекаётган 26 ёшли паркентлик Убайдулла Дадахўжаевга унинг акаси Ҳаёт Дадахўжаевнинг донорлигида жигар бўлаги трансплантацияси қилинди.

«Жигар циррози билан оғриган бемор ҳаётини сақлаб қолишнинг ягона йўли — трансплантация амалиётини ўтказиш ҳисобланади. Марказимизда ўзбек ва рус жарроҳлари ҳамкорлигидаги гуруҳ билан илк бор жигар циррози билан оғриган беморга жигар бўлаги трансплантацияси бажарилди. Жараёнда 21 нафар шифокор, 10 нафар ўрта тиббиёт ходимлари иштирок этишди. Айтиб ўтиш лозим, амалиётга катта тайёргарлик кўрилган бўлиб, марказнинг техник имкониятлари яхшиланиб, мутахассисларимиз АҚШ, Франция, Жанубий Корея, Туркия, Швейцария ва Россия каби давлатларда айни шу соҳа бўйича малака ошириб қайтишди. Аввало донор ва реципиент (бемор) ушбу амалиётга 3 ой давомида тайёрланди. Трансплантацияга кўрсатма ва қарши кўрсатмалар тўлиқ ўрганилди ва амалиётни ўтказиш бўйича якуний қарор қабул қилинди. Операция жараёни қарийб 15 соат давом этди. Ҳозиргача олинган барча таҳлиллар бемор ва донорнинг умумий саломатлиги яхши эканини кўрсатмоқда. Шу маънода айта оламизки, биринчи марта ўтказилган ушбу мураккаб операция муваффақиятли бажарилди», — дейилади хабарда.

Трансплантология тиббиётнинг энг мураккаб, ўта масъулиятли ва айни пайтда, эҳтиёж ортиб бораётган йўналишларидан бири саналади. Илгари зарурат туфайли айрим беморлар чет давлатларга бориб, 40 мингдан 150—200 минг АҚШ долларигача бўлган нархларда ана шу жарроҳлик амалиётини ўтказишга мажбур бўлаётган эди. Эндиликда эса шундай мураккаб ва ноёб операциялар Ўзбекистондаги тиббиёт марказларида ҳам муваффақиятли ўтказилмоқда.

Изоҳ билдириш