5985

Қулупнайнинг фойдали ва зарарли томонлари ҳақида

Тиббиёт 11 май 15:28 1 091

Қулупнай – ёзнинг энг мазали мевасидир. У жуда ширин ва фойдали мева ҳисобланади. Унинг пишишини жуда кўпчилик интизорлик билан кутади. Чунки қулупнайларни ёшу кекса – барча яхши кўради. Шу сабаб бўлса керак, ёзда меванинг ўзи истеъмол қилинса, қиш учун ундан мураббо ва шарбатлар тайёрлаб қўйилади.

Шундай ажойиб замонда яшаяпмизки, бугун йилнинг исталган вақтида қулупнайларни супермаркетлардан харид қилишимиз мумкин.

Қулупнайларнинг фойдали таркиби

Қулупнайларда 5-12 фоиз углевод (глюкоза, фруктоза, сахароза), лимон ва олма кислотаси, турли модда ва феноль бирикмалар бор. Витаминлардан эса А, С, В  ва минераллардан: темир, асал, кобальт, марганец, молибден ва фтор мавжуд.

Биламизки, деярли барча витаминлар жуда нозик бўлади ва қайта ишлаш жараёнида улар йўқ бўлиб кетади. Аммо қулупнай таркибидаги витаминлар қайта ишлаш жараёнида ҳам йўқ бўлиб кетмайди ва киши организмига фойдаси тегади.

Қулупнайлар нимаси билан фойдали?

Агар вазн ошиб кетишидан чўчимасангиз, унда қулупнайни қаймоқ, сметана ёки творог билан бирга истеъмол қилсангиз бўлади. Сут маҳсулотларидаги ёғлар ичак деворларига бирикади ва қулупнайнинг безовта қилувчи ҳолатларининг олдини олади. Агар кишида ичак безовталаниши бўлмаса, қулупнайни янги сут билан истеъмол қилса ҳам бўлади.

Қулупнайни шакар билан ейиш ярамайди, чунки шундоқ ҳам киши организмида шакар моддаси етарлича.

Ушбу мевани бошқа таомлар билан аралаштирмай, биринчи ёки иккинчи овқатдан сўнгина истеъмол қилинг, чунки у ошқозон ичида бижғиш хусусиятига эга. Ўзи умуман олганда, барча меваларда ана шундай хусусият мавжуд. Шунинг учун уларни ҳеч қайси таом билан аралаштириб емаслик тавсия этилади.

Кимда-ким ўз иммунитетини кучайтиришни истаса бунга қулупнай ёрдам беради. Олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, қулупнай кашанда ва бошқа зарарли одати бор кишиларнинг турли касалликларга чалиниш хавфини пасайтирар экан.

Бундан ташқари, қулупнайларда яна бир ўзига хос хусусият борки, улар кам калорияли мева ҳисобланади. 100 грам қулупнайда 30 ккал калория мавжуд. Бу мевада сахароза кўп, аммо фруктоза анчайин етарли. Ёғ умуман йўқ, оқсиллар кўп. Бу парҳезга амал қилувчилар учун жуда яхши.

Қулупнайнинг косметика соҳасида фойдалилиги анча олдин айтиб ўтилган. Янги қулупной ёки унинг шарбати айрим косметик воситалардан кўра яхшироқ таъсир этади: теридаги ажинларни йўқотишда ва терининг озуқа олишида юқори самара беради. Шу билан бирга юздаги доғлар ва сепкилларга қарши краша олади. Ундан юз учун ишлатиладиган ниқобни оддий уй шароитида ҳам тайёрлаб олса бўлади.

Қулупнай ичакларни тозалашда, жигар ва буйракнинг яхши ишлашига, қабзият ва анемияга қарши, шунингдек,буқоқнинг олдини олишда қўл келадиган фойдали мевадир.

Қулупнайнинг зарарли хусусиятлари

Қулупнай жуда “инжиқ” мева бўлиб, барчага тенг фойдали бўлавермайди. Таркибидаги кислота сабаб ошқозон-ичак йўлларида касаллиги бор кишилар учун у жуда зарарлидир. У айрим кишиларда турли аллергияни қўзғатиши мумкин. Қон босими юқори кишиларга ҳам уни истеъмол қилишни тавсия этишмайди. Ёдда сақланг: қулупнайни меъёридан ортиқ ейиш инсон организми учун хавфлидир.

Бир кунда кўпи билан ярим килоча қулупнайни истеъмол қилиш мақсадга мувофиқдир. Организм айнан шунча миқдордаги қулупнайни хамз қила олади.

Эҳтиёт бўлинг: қулупнайнинг эрта навлари жуда тез айниб қолади. Шу сабаб айрим ишлаб чиқарувчилар қулупнайларни тез ҳосилга кириши учун уларга азот ва шунга ўхшаш зарарли нарсаларни қўшишади.

Шифокорларнинг уқдиришича, ўз мавсумида пайдо бўлмаган мева ва сабзавотларнинг таркибида зарарли нетратлар бўлади ва уларда витаминлар жуда ва жуда оз бўлади. Айниқса, қишда пайдо бўладиган қулупнайларнинг мазаси ҳам сизни у даражада хурсанд қилмайди.

7 ёшдан кичик болаларга қулупнайларни бериш тавсия этилмайди. Кечпишар қулупнайни берса бўлади, фақат кунига бериладиган миқдори 100 граммдан ошмаслиги керак.

Қулупнайни қандай танласа бўлади?

Қуруқ, бутун, зарарланмаган ва иложи бўлса яшил қалпоқчали қулупнайларни танланг.

Рангига қараб танласангиз ҳам бўлади. Тўқ қизил рангли қулупнайлар мазаси яхшилигидан ва етилиб пишганлигидан далолат бериб туради. Лекин афсуслар бўлсинки, замонавий давримизда айрим қаллоблар қулупнайларни бўяб ҳам сотишмоқда. Шу сабаб уни сотиб олаётган вақтингизда зийрак бўлинг – қулупнайни ҳидлаб кўринг. Бу меванинг ёқимли, оригинал ҳиди мавжуд, ҳудди ҳар бир меванинг ўз ҳиди бўлганидек.

Шуни билиш муҳимки, боғда етиштириладиган қулупнайлар мавсуми 4 ҳафтани ташкил этади. Бошқа вақтда чиққан қулупнайларнинг эса фойдаси камроқ, мазаси ширинсиз бўлади.

Қулупнай қандай сақланади?

Бу мевани сақлашнинг умуман кераги йўқ. У ҳатто музлатгичда ҳам узоқ сақланиб турмайди. Агар қулупнай нитратлар ёрдамида етиштирилган бўлса, унда у музлатгич ичида соғлиқ учун жуда зарарли маҳсулотга айланади.

Қулупнайни йиғиб олгандан кейин 1-2 кун ичида ейиш керак. Бирданига кўп сотиб олиш ҳам бўлмайди, энг яхшиси уни истеъмол қилганингизча сотиб олинг.

ASR.UZ нинг TELEGRAMдаги каналига қўшилинг ва сўнгги янгиликларни ўтказиб юборманг
Изоҳ билдириш