1366

Тошкентда янги фармацевтика корхонаси ишга тушди

KLINIKI.UZ | Тиббиёт 23 март 14:09 165

Мамлакатимизда Наврўз умумхалқ байрами кенг нишонланаётган шу кунларда янги ижтимоий-иқтисодий иншоотлар фойдаланишга топширилмоқда. Пойтахтимизнинг Олмазор туманида қад ростлаган «Wелл мед пҳарм» фармацевтика корхонаси шулардан биридир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016-йил 16-сентябрдаги «2016-2020-йилларда республика фармацевтика саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги ҳамда 2016-йил 31-октябрдаги «Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорлари бу борадаги ишларда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

«Wелл мед пҳарм» фармацевтика корхонаси Ҳиндистоннинг «Шаяна фарм» фармацевтика компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Бунинг учун тўрт ярим миллион доллар миқдорида инвестиция жалб этилди.

Замонавий андозалар асосида барпо этилган корхонада юқори технологик ишлаб чиқариш линияси ўрнатилган. Технологик жараёнлар ва логистика тизими бир-бири билан узвий боғлиқлиги меҳнат унумдорлиги юқори бўлишига хизмат қилади. Илм-фаннинг сўнгги ютуқлари асосида жиҳозланган физик ва кимёвий таҳлил лабораторияси сифат ва хавфсизлик омилидир.

Янги корхонада йилига ўн миллион қадоқда гепатопротектор, оғриқ қолдирувчи, иммунитетни кучайтирувчи ва бошқа таблетка, капсула, малҳам ва шарбат шаклидаги дори воситалари ишлаб чиқарилади. Бунинг натижасида четдан келтирилаётган йигирма беш номдан зийод дори воситасини тайёрлаш маҳаллийлаштирилади. Етмишдан ортиқ йигит-қиз иш билан таъминланади.

– Ўзбекистон бозорида ўн беш йилдан буён иш олиб бормоқдамиз, – дейди «Шаяна фарм» фармацевтика компанияси бош директори Тивари Ашок Кумар. – Мамлакатингизда тадбиркорлик учун имтиёзлар кенгаймоқда. «Wелл мед пҳарм» корхонаси 2021-йилгача ягона солиқ тўловидан озод этилди. Четдан хомашё олиб киришда бир қатор имтиёзлар берилди. Биз ҳам бу имкониятлардан самарали фойдаланиб, тадбиркорликни янада кенгайтириш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар турини кўпайтиришни режалаштирмоқдамиз.

Изоҳ билдириш