28964

Ўзбекистонда тиббий рецептларни қўлда тўлдиришдан тўлиқ воз кечилади

Тиббиёт 11 январь 10:30 1 051

«Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастури лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига тақдим этилгани ҳақида аввал хабар берган эдик. 

Ўзбекистонда шифокорнинг касбий хатосини аниқлашнинг таъсирчан тизими жорий этилади.  Ушбу тизим учун шу йилнинг 30 мартига қадар Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Адлия вазирлиги, ИИВ, Бош прокуратура ва Ахборот технологиялари вазирлиги тегишли норматив ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиши керак.

Лойиҳада ҳар бир тиббиёт муассасасида беморларнинг шифокор касбий хатосидан хавфсизлигини таъминлаш бўйича доимий экспертлар гуруҳлари ташкил этилиши, тиббиёт ходимларининг хатоси оқибатида етказилган зарар тўғрисида соғлиқни сақлаш органларига хабар қилиш, уларни кўриб чиқиш ва хизмат текширувини ўтказиш тартиби, хатосини ўз вақтида ва ихтиёрий тан олган, етказилган зарарни қоплаган тиббиёт ходимини айрим салбий оқибатлардан озод этиш, тиббиёт ходимлари йўл қўйган хатолар ҳақида маълумот бериш, уларни ҳисобга олиш ва олдини олиш тизимини яратиш ўрин олган.

Шунингдек, касаллик тарихини, шу жумладан, рецептни электрон шаклда тўлдиришни (қўлёзма усулидан тўлиқ воз кечган ҳолда) жорий этиш ва уни тегишли дорихонадаги маълумотлар базасига жойлаштиришни таъминлайдиган ахборот тизимини босқичма-босқич амалга киритиш назарда тутилади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 8 ноябрида Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида бир оила фарзандлари бўлган 3 опа-сингил кетма-кет вафот этганди.

Маълум бўлишича, қизларга «Вермокс» номли паразитларга қарши дори буюрилган. Аммо, дорихона ходими шифокор ёзувига тушунмай, юракка алоқадор хасталикларда қабул қилинувчи «Верамапил» дори воситасини берган.

Дори воситасини қабул қилиш натижасида, қизларда кардиоген шок ҳолати юзага келган эди.

Изоҳ билдириш