47786

Шамоллаган ҳайдовчи маст ҳайдовчидан ҳам хавфлироқ

Тиббиёт 20 сентябрь 10:44 344

Куз мавсумидаги авитаминоз аксарият ҳолларда ЎРВИ касалликларига сабаб бўлади. Бундан ташқари аллергия ҳам кўздан ёш оқиши, акса уриш каби аломатлари билан кутилмаганда хуруж қилади. Шу боис, мавсумий касалликлар нафақат инсон саломатлигига, балки ҳайдовчилар ҳушёрлигига дахл қилиб, йўллардаги хавфсизликка ҳам таҳдид солиши мумкин.

Буюк Британиянинг Кардифф университети олимлари ўтказган тадқиқотлар давомида шамоллаш ҳайдовчилар ҳушёрлигига икки литр пиво ичгандаги мастлик ҳолатидан кўра кучлироқ таъсир кўрсатиши аниқланди.

Бир гуруҳ ҳайдовчиларда тумов билан боғлиқ ҳолатларни тадқиқ қилган британиялик олим Кенди Смит таъкидлайдики, шамоллаган ҳайдовчининг ҳаракат тезлиги ва таъсирчанлиги 36 миллисонияга кечикади. Бу кўрсаткич маст ҳолда автомобиль бошқарган кишиларда 15 миллисонияни ташкил қилади. Демак тумов бўлган ҳайдовчи маст ҳайдовчидан ҳам хавфлироқ ҳисобланади.

Буни исботлаш учун олимлар сурункали шамоллаш касалликлари бўлган 50 нафар ҳайдовчи фаолиятини 3 ой мобайнида назорат қилиб борди. Тадқиқот натижаларидан маълум бўлдики, касал ҳолда автомобиль бошкарган ҳайдов-чининг огоҳлиги соғлом ҳайдовчига караганда 3 марта суст бўлиб, кўпгина муаммоларни келтириб чиқаради. Шамоллаганда кўзга томизиладиган томчи дорилар ҳам кўриш қобилиятини тўлиқ таъминлай олмайди. Шу хулосаларни инобатга олиб, мутахассислар шамоллаган ҳайдовчиларнинг машина бошқаришини тақиқлаш масаласини муҳокама қилмокда.

Украинада эса ҳайдовчи эътибори ва ҳушёрлик реакциясига салбий таъсир кўрсатувчи шамоллаш, аллергия ҳамда тана ҳарорати кўтарилиши билан кечадиган касалликлар қайд этилган шахсларга автомобиль бошқариш аллақачон ман этилган. Ҳайдовчида шундай касалликларга шубҳа пайдо бўлганда йўл автоназорати ходими унинг тиббий таҳлиллар топширишини сўрашга ҳақлидир.

Қайд этиш керакки, бутун дунёда спиртли ичимлик ичиб рул бошқариш қатъий тақиқланган. Чунки ширакайф одам автоҳаракат вақтида етарли даражада ҳушёр бўла олмайди. Шу ўринда тумов бўлган ҳайдовчи ҳам машина бошқарганда кетма-кет акса уриши, йўталиши, кўзидан ёш оқиб, йўлни яхши кўра олмаслигини айтиб ўтиш уринли. Акса урганда одам беихтиёр кўзини юмиб олади ва бу вақт орасида автомобиль 80-100 метргача боради. Бу ҳолатни орқага суриш ёки қўли рулда бўлган киши аксиришни жиловлаб туришининг ҳам ҳеч иложи йўқ. Чунки акса уриш инсон иродасига боғлиқ бўлмаган тарзда рўй беради. Демак ҳайдовчининг машинада кетаётиб беихтиёр акса уриши ва бунда кўзини юмиб олмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Статистик маълумотларга кўра, Буюк Британияда ҳар йили шамоллаган ва гриппга чалинган ҳайдовчилар айби билан 2500 дан ортиқ автоҳалокат содир бўлади.

Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ўзида грипп, шамоллаш ва аллергик тумов аломатларини сезган автомобиль эгалари ўзи ва атрофидаги инсонлар, бегуноҳ йўловчилар хавфсизлигини ўйлаб ҳам касал пайтида рулга ўтирмас-лиги мақсадга мувофикдир.

Баҳодир ХЎЖАБОЕВ,

олий тоифали кўз шифокори

Изоҳ билдириш

Сўнгги янгиликлар