24080

Сергелида шифокор қабулига интернет ёки телефон орқали ёзилиш мумкин

Тиббиёт 18 ноябрь 10:12 426

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сергели тумани 6-А мавзесида барпо этилган 61-оилавий поликлиника фаолияти билан танишди, деб хабар қилди Президент матбуот хизмати.

Хабарда айтилишича, уч қаватли, 250 қатновга мўлжалланган оилавий поликлиникада ультратовуш ташхиси, рақамли рентген, электрокардиограф, физиотерапия, клиник ва биокимё лаборатория бўлимлари, кундузги шифохона фаолияти йўлга қўйилган.

Терапевт, педиатр, жарроҳ, отоларинголог, окулист, невролог, иммунолог каби тор соҳа мутахассислари томонидан аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароит яратилган.

Оилавий поликлиникадаги асосий янгиликлардан бири — бу беморлар навбатга ёзилиши учун электрон тизим жорий қилинган. Яъни бемор шифокор қабулига поликлиникага келмасдан туриб, интернет ёки телефон орқали рўйхатхонада ўрнатилган тизим ёрдамида навбатга киритилади. Бу ортиқча оворагарчилик ва вақт сарфлашнинг олдини олади.

Президент ушбу тизимни 61-оилавий поликлиника мисолида намунавий қилиб Тошкентдаги барча бирламчи тиббиёт муассасаларига жорий этиш юзасидан топшириқлар берди.

Изоҳ билдириш